Янгиликлар

31
Распечатать
30 Ноя 2020

АКРОФОБИЯ — БАЛАНДЛИКДАН ҚЎРҚИШ КАСАЛЛИГИ!

Инсоннинг иррационал (мантиққа тўғри келмайдиган) хавфдан қўрқиши унинг руҳиятида ҳам умумий бузилишни юзага келтиради. ССВ Матбуот хизматининг акрофобия — баландликдан қўрқиш касаллиги ва уни даволаш усуллари тўғрисидаги саволларига тиббиёт фанлари доктори, профессор Улуғбек Алимов жавоб берди.

— Акрофобия касаллиги ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз?

— Айримлар энг баланд жойларда ҳам киприк қоқмай тураверади. Бошқалар эса бунинг акси. Баландликдан қўрқиш ҳисси деярли барчада бор. Одатда, акрофобиядан азият чекувчиларда саросимали қўрқув кузатилади. Улар нафақат жуда баланд тоғлардан, балки бироз баландликка кўтарилиш, нарвон ёки ишкомга чиқишдан ҳам қўрқишади. Уларга барча тоғ ва тепаликлар бехосият ва жуда қўрқинчли туюлади. Айрим ҳолларда қўрқувдан қотиб, кучли карахтланиш пайдо бўлади.

Дастлабки қўрқув муайян вазиятларда пайдо бўлади ва у мияга ўрнашиб қолади. Масалан, бемор ҳамма ёқни кўриш учун томга чиқади ва пастга қараган заҳоти қаттиқ қўрқиб кетади, боши айланади, қулаб тушаётгандек хавфсирайди. Фобиялар пайдо бўлганда беморнинг юзи қизаради ёки ранги ўчади, оғзи қурийди, юраги тез-тез уради, артериал босим ошиб кетади, тер босади, кўз қорачиқлари кенгаяди ва ҳоказо.

— Акрофобиянинг қандай зарарли томонлари бор?

Бундай қўрқувнинг зарарли томонлари бор, албатта. Хусусан, нозик нерв тизимига эга бўлган инсонлар қўрқув сабаб ўзини танқидий баҳолашга мойиллиги кучли бўлиб қолади. Улар ўзларини бошқалар билан таққослай бошлайди ва кичик муаммоларни фожиага менгзашади. Шу асосда ўзини-ўзи бошқариш тизими нотўғри ишлайди. Бу, ўз навбатида, жисмоний зўриқишга ҳам сабаб бўлади. Жумладан, фикрлаш қобилиятининг пала-партишлиги, юрак-қон томир тизими ва марказий асаб тизимининг зўриқиши оқибатида инсон умрининг қисқаришига сабаб бўлади.

Шунинг учун тепаликдан қўрқадиган инсонларни яқинлари, дўстлари қийноқ-қистов билан баланд жойга чиқишга мажбурламаслиги зарур. Аксинча, бундай инсонларни тепаликлардан узоқ сақлаш, улар бемалол харакатлана оладиган жойларда ўзларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш чораларини кўриш керак.

— Баландликдан қўрқувдан қандай халос бўлиш мумкин?

— Муолажа эса узоқ вақт давом этади. Даволаш жараёнига беморнинг оила аъзолари ва яқинлари ҳам жалб қилиниши мумкин. Бунда тепаликларни забт этишнинг ғалабали йўллари танланиши керак. Масалан, парашют ёки «тарзанка» билан ўтиш, минорадан сувга шўнғишда беморга далда ва кўмак бериш лозим. Бу машғулотларни эса қуйидаги босқичлардан бошлаш тавсия этилади:

Аввало, паст баландликдаги платформани танлаб, чиқиш керак. Тепаликда эса инсон бардоши этадиган муддатда туриши ва маълум муддат ўтиб, яна ташриф буюриши керак. Шу тариқа биринчи чўққи забт этилгач, аста-секин баландроқ марра сари одимлаш мумкин бўлади. Тепаликда турган вақтда эса ҳимоя тўсиқларига ишонч ҳосил қилиш, бош айланганда қўрқув йўқолмагунча биронта объектга диққат билан қараб туриш зарур. Агар бу уринишлар самара бермаса, психотерапевтга мурожаат қилиш зарур.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

31
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech