Янгиликлар

28
Распечатать
30 Ноя 2020

Аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилмоқда

Самарқанд давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг малакали ходимлари аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида Нуробод туманида бўлдилар.

Сир эмас, соғлиқни сақлаш тизимида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш, касалликларни профилактика қилиш ва эрта аниқлаш ҳозирги кундаги энг долзарб масала бўлиб қолмоқда. Айнан шу масалани ечишга кўмаклашиш, жойларда кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида Нуробод туманидаги ҚВПларда чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.

Нуробод туманидаги «Олға», «Жом», «Гирдиқўрғон», «Омандара», «Тегирмонбоши» маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Улар хирург, педиатр, онколог, инфекционист, уролог, акушер-гинеколог, ЛОР, тери-таносил, терапевт, невролог, травматолог каби 13 турдаги тор мутахассисликлар вакилларидан маслаҳат ҳам олдилар.

Тиббий кўрик ўтказиш билан бирга, ҳозирги вақтда кенг тарқалган ўпка касалликлари, диабет, онкологик, юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, профилактика қилиш ва даволаш усуллари, соғлом турмуш тарзи ва фаол жисмоний ҳаракатнинг инсон саломатлигига ҳиссаси тушунтирилди.

Самарқанд давлат тиббиёт институтининг битирувчи курс талабалари ҳам вилоятнинг чекка ҳудудларига амалиёт ўташ учун юборилди.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг амалга оширадиган режасига мувофиқ, вилоятнинг барча туманларида ҳам аҳолини кўрикдан ўтказиш кўзда тутилган. Жойларда бу каби тиббий кўриклар ҳамда талабалар амалиётининг ўтказилиши вилоятда турли касалликларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида самарали даволашга катта ҳисса қўшади, деб умид қиламиз.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати.

28
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech