Янгиликлар

16 Окт 2020

Яна бир ихтисослаштирилган тиббиёт марказига директор ва унинг маслаҳатчиси тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига кўра, вазирлик ҳузуридаги Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг директори лавозимига Фозилов Хуршид Ғайратович тайинланди.

 

У 1976 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган бўлиб, Самарқанд давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Шунингдек, Россия Федерациясининг А.Н. Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлик маркази клиник ординатура ҳамда аспирантурасида ўқиган. Юртимизга қайтгач, ихтисослиги бўйича фаолият юритган. Тайинловдан аввал эса 2017 йилдан буён Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали директори лавозимини эгаллаб келган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси  Сенати аъзоси.

Хуршид Фозиловга аҳолига сифатли ва халқаро талаблар асосида ихтисослаштирилган, юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш, кардиологик касалликлар профилактикаси бўйича стратегия ишлаб чиқиш, уларга ташхис қўйиш ва олдини олишда самарали ёндашувлардан унумли фойдаланиш каби вазифалар юкланди. Шунингдек, кардиология соҳасида етакчи хорижий тиббиёт муассасалари билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, муваффақиятли тажрибалар ва аниқ инновацион моделларни татбиқ этиш, ёш малакали кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш сингари вазифаларга ҳам масъул этиб белгиланди.

 

Бундан ташқари, ушбу тиббиёт муассасасида директор лавозимида ишлаб келаётган Ўзбекистон Қаҳрамони, академик Курбанов Равшанбек Давлетович марказ директорининг маслаҳатчиси лавозимига ўтказилди. У Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, фан соҳасидаги 1-даражали Давлат мукофоти, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби.

Шунингдек, Р. Курбанов антиаритмик таъсирга эга дори воситасини ишлаб чиқишда фаол иштирок этган, бугунги кунда ушбу препарат МДҲ ҳудудида кенг фойдаланилмоқда ва бошқа мамлакатлар ҳам унга қизиқиш билдирмоқда. Бундан ташқари, унинг фаолияти давомида Ўзбекистон кардиологлар ассоциацияси Европа кардиологлар уюшмасига аъзо бўлди.

 

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда юрак-қон томир касалликлари ёшариб бормоқда. Илгари бу касалликлар асосан қарияларда учраган бўлса, ҳозирда 20 ёшли инсонларда ҳам миокард инфаркти, артериал гипертония, юрак ритмининг ўткир бузилиши каби касалликлар учрамоқда. Бу эса марказ зиммасидаги масъулиятни кучайтирмоқда. Унинг асосий мақсади халқаро стандартлар даражасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги  аҳолига малакали кардиологик ёрдам кўрсатиш, беморларни даволаш ва диагностика қилишнинг замонавий усулларини соғлиқни сақлаш амалиётига татбиқ этишдан иборат.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

36 Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech