Янгиликлар

47
Распечатать
13 Янв 2021

Oфисда ишлайсизми? Гавданингизни тик тутинг! Кўзингизни машқ қилдиринг! Асабингизни асранг!

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Муроджон Ирисметов CCВ Матбуот хизмати билан “Офис ходими синдроми” ҳақидаги фикрларини ўртоқлашди.

— Статистика маълумотларига кўра, ҳар йили 25 ёшдан ошган ишчиларнинг 80 фоизида умуртқа поғонаси хасталиклари, хусусан, умуртқа қийшиқлиги аниқланади. Буни қарангки, 80 фоизни келтириб чиқарган омил — иш столида гавдани нотўғри тутиш экан. Шунинг учун ҳам ходим иш вақти давомида (имкон қадар ҳар бир-икки соатда) 5-10 дақиқалик танаффус қилиши лозим. Бу пайтда бир неча маротаба ўтириб, туриш, гавдани ён томонга ҳаракатлантириш, бошни соат мили бўйлаб айлантириш керак. Сўнг ўпкани тўлдириб нафас олинади ва яна ишни давом эттиришга киришилади.

Бел оғриқларидан ҳимояланишда курси суянчиғига махсус ортопедик ёстиқ ўрнатиш мумкин. Шунингдек, бундай ёстиқлар бавосил билан оғриган кишилар учун ҳам тавсия этилади.

Ҳар икки соатда бўйин мушаклари учун машқ бажарилиши, бўйин остеохондрози профилактикаси ҳисобланади. Айниқса, энса ва курак соҳасида оғриқ, увишиш кузатилганида машқлар ғоят фойдалидир.

Камҳаракатлик танада қон айланишини бузади. Биринчи навбатда, оёқ ва кичик тос аъзосида меъёрий жараён издан чиқади. Бунинг асоратида эса оёқ вена қон томирларида варикоз кенгайиш, бавосил тугунларининг ҳосил бўлиши юз беради. Қон айланишини яхшилаш учун жисмоний фаолликни ошириш лозим. Ишни эрталабки бадантарбиядан бошлаган маъқул. 10-15 дақиқа қўл-оёқ чигалини ёзиш қон айланишини яхшилайди. Кун давомида эса зинадан пиёда кўтарилиш, вақти-вақти билан хона бўйлаб юриш керак.

Қон айланишининг меъёрда бўлиши кўп жиҳатдан истеъмол маҳсулотларига ҳам боғлиқ. Мунтазам қаҳва ёки аччиқ қора чой ичиш қонни қуюлтиради. Шунингдек, ширинликлар қонда “ёмон” холестерин миқдорининг ортишини юзага келтиради. Аксарият кишиларда кузатиладиган ҳолат: компьютер қаршисида таом ейишнинг эса зиёни катта. Нега деганда, монитордан тарқалаётган нур нафақат инсон танаси, балки у истеъмол қилаётган маҳсулотга ҳам етиб боради ва уни маълум маънода зарарлайди.

Тизза бўғимларининг бир хил букилган ёки ёзилган ҳолатда кўп қолиб кетиши ҳам зарар. Бўғимларнинг узоқ вақт бир хил ҳолатда қолиб кетиши натижасида унинг дренаж функцияси, озиқланиши мойланиши бузилади, бунинг натижасида артроз-бўғим касаллиги келиб чиқади.

Бу касалликнинг олдини олиш учун оёқлар ҳолатини алмаштириб туриш, вақти вақти билан туриб юриш, ўтирган ҳолатда велосипед ҳаракатларини олдинга ва орқага бажариш, чуқур нафас чиқариб ўтириш ва чуқур нафас олган ҳолда туриш машқларини бажариб туриш керак.

Энг осон машғулот: киши нигоҳини деразадан ташқарига, бирор объектга қаратади. Сўнг яна яқиндаги нарсага қараш мумкин. Кўзларни ўнг, чап, тепага ва пастга ҳаракатлантириш ҳам фойдалидир. Бу кўз мушакларини ҳаракатга келтиради. Шунингдек, кўзни тез-тез юмиб, очиш ҳам асқотади. Муҳими, компьютер қаршисида узоқ вақт ўтирмаслик керак. Кичик танаффуслар кўзга дам беради.

Офис ходими синдромидан асаби бўшлар кўпроқ азият чекади. Демакки, соғлом ҳаёт кечириш ва севимли машғулот билан шуғулланишда давом этиш учун стрессли вазиятлардан ҳимояланиш даркор. Ҳар бир касаллик асабдан, дейилиши бежиз эмас, ахир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

47
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech