Янгиликлар

16 Окт 2020

Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори ҳамда унинг маслаҳатчиси тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига кўра, вазирлик ҳузуридаги академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хиругия илмий-амалий тиббиёт марказининг директори лавозимига Исмаилов Сайдимурад Ибрагимович тайинланди.

У 1962 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Ўрта Осиё тиббиёт педиатрия (ҳзирги Тошкент педиатрия тиббиёт) институтини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Сайдимурад Исмаилов кўп йиллар давомида тиббиёт соҳасида турли лавозимларда фаолият юритган. Жумладан, 17-сонли шаҳар клиник шифохонаси бош шифокори ўринбосари, Тошкент шаҳар Яккасарой тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари хизматининг соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари гуруҳи бош консультанти лавозимларида ишлаган. Тайинловдан аввал эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўлинмаси шўъба мудири лавозимини эгаллаб келган.

Унга, аввало, мамлакатимиз худудларидаги барча аҳолига сифатли ва халқаро талаблар асосида ихтисослаштирилган, юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш, ихтисослик бўйича касалликлар профилактикаси бўйича стратегия ишлаб чиқиш, ташхис қўйиш ҳамда уларнинг олдини олишда самарали ёндашувлардан унумли фойдаланиш каби вазифалар юкланди. Бундан ташқари, хирургия соҳасида етакчи хорижий тиббиёт муассасалари билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, муваффақиятли тажрибалар ва аниқ инновацион моделларни татбиқ этиш, ёш малакали кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш сингари вазифаларга ҳам масъул этиб белгиланди.

 

Бундан ташқари, ушбу тиббиёт муассасасида директор лавозимида ишлаб келаётган академик Назиров Феруз Гафурович марказ директорининг маслаҳатчиси лавозимига ўтказилди. Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон Республикаси Фанлари академиясининг ҳақиқий аъзоларидан бири бўлмиш Ф. Назиров қорин бўшлиғи жарроҳлиги бўйича дунёга машҳур юқори малакали мутахассисдир. У жигар циррози ва портал гипертензиясини жарроҳлик йўли билан даволаш усулларини ишлаб чиқишда катта ютуқларга эришди.

У Ўзбекистонда биринчи бўлиб энг оғир жигар патологияси билан касалланган беморларни даволаш натижаларини яхшилаш  имконини берувчи илмий тадқиқотларнинг истиқболли йўналишларини ишлаб чиқди. Феруз Назиров Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби ҳамда тиббиётдаги муваффақиятлари учун Россия Федерациясида Н.И. Пирогов орденига сазовор бўлган.

 

Таъкидлаш жоизки, тараққий этган мамлакатларда қўлланилаётган илғор инновацион тиббий технологияларни юртимиз тиббиётида жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида махаллий мутахассисларимиз томонидан буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш бўйича энг мураккаб операцияларни муваффақиятли бажариб келинаётгани алоҳида аҳамиятга молик.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

37 Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech