Янгиликлар

28
Распечатать
04 Сен 2020

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ХИТОЙЛИК МУТАХАССИСЛАР БИЛАН КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ КУРАШДА ҲАМКОРЛИКНИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШГА ОИД ШАРТНОМА ИМЗОЛАНДИ

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ҳозирда юртимизда бўлиб турган хитойлик шифокор ва мутахассислардан иборат делегация билан учрашди.

Унда айтиб ўтилганидек, ўтган йили апрель ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи давомида қатор соҳалар қаторида соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш бўйича қатор келишувларга ҳам эришилган эди. Ушбу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, ҳозирги пандемия билан боғлиқ бўлган вазиятда икки давлат ўртасида ушбу йўналишда самарали ҳамкорлик янада ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Мулоқотда хитойлик мутахассисларнинг юртимиз тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда “COVID-19” пандемияси кенг тарқалишининг олдини олиш, уни назорат қилиш ва даволаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлари эътироф этилди. Шунинг баробарида хитойлик мутахассислар юртимизда коронавирус пандемиясига қарши курашда яхши натижаларга эришилаётганлиги, шунингдек, халқ табобати борасида яхши анъаналар шакллангани, айниқса, буюк табиб Абу Али ибн Сино илмий мероси, асарлари Хитойда ҳам қўлланма сифатида кенг фойдаланилишини эътироф этишди.

Эътиборли жиҳати, учрашув доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Beizhong Yilin Pharm Tech (Beijing) Co. Ltd.” фармацевтика компанияси ўртасида халқ табобатини ривожлантириш, бу борада илмий изланишлар олиб бориш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича шартнома ҳам имзоланди. Унда мамлакатимизда халқ табобатини ривожлантириш борасида қатор вазифалар белгиланди.

Жумладан, ўзбек ва хитой халқ табобатини ўзаро уйғунлаштириб, соҳада самарали қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ҳам ташхис қўйишда, ҳам даволашда унумли фойдаланиш, шунингдек, юртимизда яқин ойларда Хитой халқ табобати марказини очиш, мутахассисларимизни коронавирусга қарши курашда Хитой тажрибаси бўйича ўқитиш, малакасини ошириш каби йўналишлар мазкур шартномада ўз аксини топган.

Учрашув сўнггида хитойлик мутахассислар томонидан “COVID-19”га қарши Хитойда муваффақиятли қўлланилган анъанавий хитой табобати усулида тайёрланган дори воситаларининг дастлабки қисми тақдим этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

28
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech