Янгиликлар

20 Окт 2020

Эндиликда шифокор қабулига кириш учун навбатда туришга ҳожат йўқ

Шифокор қабулига ёзилиш учун қулай вақт ажратиш, дарсдан ёки ишдан рухсат олиш, поликлиникага бориш, мутахассис танлаш ва қулай вақт учун талон олиш керак бўлади. Ушбу жараён кўп вақт ва куч сарфлашни талаб қилади. Шу сабабли аксарият одамлар малакали мутахассислардан ёрдам сўрашни орқага чўзиб келаверадилар, бу эса саломатликка салбий таъсир кўрсатади.

Ушбу жараённи тарихга айлантириш мумкин! Энди шифокор қабулига кириш учун навбатда туришнинг ҳожати йўқ. Бунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази томонидан интернет тармоғи орқали ягона рўйхатдан ўтиш ва шифокор қабулига ёзилиш имкониятини берувчи “Электрон поликлиника” тизими ишлаб чиқилган ва жорий этилган. Яъни reg.ssv.uz сайти орқали шифокор қабулига онлайн ёзилиш имконияти мавжуд.

Ушбу тизим ёрдамида фуқаролар ўзлари учун қулай вақтда, уйдан чиқмаган ҳолда шифокор қабулига ёзилишлари, шифокор ва муассаса ҳақида маълумотлар олишлари, шунингдек, олинган тиббий хизматлар сифатини баҳолашлари мумкин бўлади. Поликлиникалар учун ушбу тизимнинг афзалликлари – маълумотларни автоматлаштирилган рўйхатдан ўтказиш, оилавий поликлиникаларда ягона электрон амбулатория тиббий картасини юритиш имкониятидир.

Бугунги кунда “Электрон поликлиника” ахборот тизимига Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги кўплаб оилавий поликлиникалар уланган бўлиб, бутун республика ҳудуди бўйлаб поликлиникаларни тизимга улаш ишлари давом эттириб келинмоқда.

Вақтингизни тежанг, навбат кутиб ўтирманг, reg.ssv.uz веб-сайти орқали поликлиникангиздаги шифокор қабулига онлайн тарзда ёзилинг. Саломатлигингиз ўз қўлингизда!

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

338 Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech