Янгиликлар

32
Распечатать
04 Сен 2020

ВАНГ ВАН ЧУН: “ЎЗБЕК ВА ХИТОЙ ХАЛҚ ТАБОБАТИНИНГ ЎЗАРО ЎХШАШ ЖИҲАТЛАРИ КЎП”

Аввал хабар қилганимиздек, айни кунларда хитойлик бир гуруҳ шифокор мутахассислар юртимизда бўлиб турибди. Улардан бири, Цзянси анъанавий хитой табобати университети клиникаси бош шифокор ўринбосари, профессор Ванг Ван Чун билан суҳбатлашдик.

– Айтингчи, Хитой халқ табобати коронавирус инфекциясининг олдини олиш ва даволашда қай даражада ўз самарасини бермоқда?

– Маълумки, ўтган йил сўнгги ва жорий йил бошида Хитойда коронавирус инфекцияси авжига чиқди. Шу даврда “COVID-19” қарши курашиш учун Ухан шаҳрига 42 минг нафар хитой халқ табобати вакиллари сафарбар қилинган бўлса, уларнинг биронтаси ҳам инфекцияни юқтириб олмади. Бунинг сабаби, биринчидан, ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланганида бўлса, иккинчидан, профилактика мақсадида халқ табобати усулида тайёрланган дори воситаларини қабул қилганликларидир. Цзянси провенциясида ҳам коронавирусга чалинган мингдан зиёд беморларнинг аксарияти бевосита халқ табобати йўли билан тайёрланган дори воситаларидан фойдаланиб шифо топишди.

Анъанавий хитой табобати усулида тайёрланган дори воситаларини қўллаган ҳолда тўрт йўналишда коронавирус инфекцияси билан муваффақиятли курашилмоқда. Биринчиси – касалликни профилактикасида, иккинчиси – коронавирусни енгил шаклда бошдан ўтказаётган беморларни даволашда, учинчиси – енгил шаклдаги беморларнинг ҳолати оғир ва ўрта оғирга ўтиб кетмаслиги учун парвариш қилишда ва охиргиси – “COVID-19”дан соғайганларни реабилитация қилишда. Ўзбекистонга ҳам ушбу дори воситаларини етказиб берилмоқда.

– Ўзбекистон ва Хитой халқ табобатининг ўхшаш жиҳатлари нимада?

– Ўзбекистонга бир неча бор келганман, қатор вилоятларда халқ табобати билан яқиндан ташишга ҳаракат қилганман. Юртингизда етишиб чиққан буюк табиб Абу Али ибн Сино асарлари бизда ҳам қўлланма сифатида кенг фойдаланилади. Ўтган қисқа вақт ичида шунга амин бўлдимки, юртингизда халқ табобати жуда қадим ўтмишга бориб тақалади. Асрлар давомида аҳоли орасида кенг қўлланилиб, янада такомиллашиб келган.

Хитой табобати ҳам қадимдан изчил ривожланиб келган. Эътиборли жиҳати, хитой ва ўзбек табобатининг ўзаро ўхшаш жиҳатлари жуда кўп. Айниқса, беморларни даволаш усулларида кўплаб ўхшашликлар мавжуд. Касаллик белгиларини аниқлаш, ташхис қўйишда фойдаланиладиган амалиётлар ҳам ўзаро уйғун. Юртингизда қўлланиладиган кўплаб доривор гиёҳлар Хитой халқ табобатида ҳам кенг фойдаланилади. Ушбу ҳолатлар эса ҳар икки мамлакат халқ табобатининг ҳамкорликда ишлашлари учун кенг имкониятларга замин яратади.

– Ўзбекистон тиббиёт ходимларининг коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашдаги саъй-ҳаракатларига қандай баҳо берасиз?

– Юртингизда коронавирус қайд этилган илк кунлардан пандемияга қарши жиддий кураш олиб борилмоқда. Беморларни даволашда шифокорлар томонидан халқаро стандартлар асосида зарур чора-тадбирлар ва даволаш муолажалари амалга оширилаяпти. Уларнинг юқори тажрибасига ҳамда беморларни даволашда кўрсатаётган улкан матонатига юқори баҳо берган бўлардим.

Тизимли саъй-ҳаракатлар натижасида беморларни самарали даволанишига эришилмоқда.

Шунингдек, ўлим кўрсаткичларининг паст бўлиши таъминланмоқда. Ўтган даврда тўпланган малака ва тажрибалар эса “COVID-19”га қарши янада самарали курашиш имконини бермоқда. Бунда юртингиз шифокорлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бораётганимиздек хурсандмиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

32
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech