Юртимиз тиббиётидаги ижобий ўзгаришлар Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Ҳозир бу муассаса замонавий диагностика ва даволаш асбоб-ускуналари билан таъминланган. Салоҳияти жиҳатидан Марказий Осиёда етакчи ўринда туради.
Бу ерда юқори малакага эга мутахассислар фаолият юритмоқда. Жорий йилда марказнинг 8 нафар ходими АҚШ, Австрия, Туркия, Италия давлатларида малака ошириб қайтди.
— Муассасамизда жорий йилнинг 5 ойи давомида 3 минг 409 та операция амалга оширилди, — дейди марказ директори Шуҳрат Мухтаров. — Шундан 1808 таси юқори технологик жарроҳлик амалиётларидир.
Қолаверса, июнь ойи бошидан буён муассасамизнинг етакчи ходимлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида маҳаллий мутахассислар билан биргаликда 100 дан ортиқ мураккаб амалиётларни бажарди. Шунинг ҳисобига кўплаб беморларни пойтахтга олиб келишнинг ҳожати бўлмади.
Муассасада буйрак ва пешоб йўллари тошларини диагностика қилиш ва даволашнинг энг илғор усуллари жорий қилинган.
Булар оддий операциялардан тортиб барча турдаги эндоурологик амалиётлар, ретроперитонеоскопик ва лапароскопик муолажалар ҳамда пешоб йўлидаги тошларни масофадан туриб парчалаш технологияларигача қамраб олади.
Шунингдек, бу ерда урологик хасталикларни даволашда каминвазив амалиётлардан фойдаланииляпти. Ҳозир марказда амалга оширилаётган бундай амалиётлар дунёнинг етакчи клиникаларидаги кўрсаткичлар даражасига тенг.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.