Буйруқлар

3824
Распечатать
20 Ноя 2019

“Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом”га кейинги икки йил давомида киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар

“Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом”га кейинги икки йил давомида киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар

 

1. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига ҳужжатларини топшириш ва аттестациядан ўтишда ортиқча тўсиқ ва чекловларни олиб ташлаш, қулайлик ва енгилликлар яратиш мақсадида:

- ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари томонидан врач ва фармацевтларга нафақат учинчи ва иккинчи, балки биринчи малака тоифаси беришга ҳам рухсат этилди.

- Аттестацияга тақдим қилинадиган ҳужжатларни нотариал идоралардан тасдиқлатиш талаби бекор қилинди.

- Фаолиятининг охирги уч йиллиги ўрнига икки йиллик ҳисоботи олинадиган ва аттестациялар бир босқичда, фақат оғзаки имтиҳон шаклида ўтказиладиган бўлди.

Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида келишувдан ўтказилди. Аттестация Низомига киритилган ушбу янгиликлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2017 йил 20 октябр 115-сон буйруғида кўзда тутилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2017 йил 16 ноябрда 2649-1 сон билан рўйхатга олинди.

2. Умумий амалиёт шифокорлари ва тор мутахассисликлар танқислигини бартараф этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида:

- соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинларида (ҚВП, ҚОП ва КТМП) умумий амалиёт шифокори лавозимида ишлаётган тор мутахассисликка эга бўлган врачлар иш фаолиятини яна тор мутахассислиги бўйича давом эттирган тақдирда, уларнинг умумий амалиёт шифокори лавозимида ишлаган давридаги иш стажи ва олган малака тоифаси инобатга олиниши ва аксинча тор мутахассислиги бўйича ишлаётган врачлар умумий амалиёт шифокори лавозимига ишга ўтган тақдирда, уларнинг тор мутахассислиги бўйича ишлаган давридаги иш стажи ва олган малака тоифаси инобатга олиниши белгиланди.

Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида келишувдан ўтказилди. Аттестация Низомига киритилган ушбу ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2017 йил 25 декабр 131-сон буйруғида кўзда тутилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2017 йил 7 декабр 2649-2 сон билан рўйхатга олинди.

3. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтиши учун ҳужжат топширишида янада қулайликлар яратиш ва малака тоифасига эга бўлишга оид талабларни соддалаштириш, шифокорларнинг ўз малака даражасини оширишни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш мақсадида:

- Зарур иш стажига эга бўлган тиббиёт ёки фармацевтика ходимига у фаолият юритаётган тиббиёт муассасаси раҳбарининг тақдимномасига асосан муддатидан олдин, бироқ охирги малака тоифаси берилган кундан камида икки йилдан кейин дейилган талаб бир йилга қисқартирилди;

- Соғлиқни сақлаш тизимида фаолият кўрсатаётган тиббиёт фанлари доктори ва тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлган, жумладан чет элдан келиб ишлаётган ва малака тоифаси олишга талабгор бўлган врачларнинг назарий билими ва амалий кўникмалари бошқа врачларга нисбатан юқори бўлиб, юрак, жигар, буйрак ва бошқа органларда ўтказилаётган юқори технологияларга асосланган ноёб диагностик ва даволаш усулларининг аксарияти улар томонидан амалга оширилади. Шунинг учун, уларга истисно тариқасида бир поғона юқори малака тоифаси берилиши белгиланди;

- малака тоифаси беришга нолойиқ деб топилган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари бир йилдан сўнг қайта аттестациядан ўтиши мумкин дейилган талаб ҳам уч ойга қисқартирилиб, тўққиз ойдан сўнг деб ўзгартирилди.

- Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида келишувдан ўтказилди. Аттестация Низомига киритилган ушбу янгиликлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2019 йил 31 октябр 95-сон буйруғида кўзда тутилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2019 йил 13 ноябрда 2649-3 сон билан рўйхатга олинди.

Ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузуридаги тиббиёт ва фармацевтика ходимларига малака тоифаси бериш бўйича ихтисослашган аттестация комиссиялари Низомга киритилган ўзгаришларни инобатга олган ҳолда аттестация ўтказилишини таъминлаши лозим.

Илова: “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом”ни ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тўлиқ нусхаси – 16 варақ.

Директор А.Яркулов

 

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги Низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар

 

 

 

* Соғлиқни сақлаш вазирининг 2017 йил 20 октябр 115-буйруғи билан ўзгартиришлар ва қўшимча киритилган (Адлия вазирлигида рўйхат рақами 2649-1, 2017 йил 16-ноябр)

** Соғлиқни сақлаш вазирининг 2017 йил 25 декабр 131-буйруғи билан ўзгартиришлар киритилган (Адлия вазирлигида рўйхат рақами 2649-2, 2017 йил 27-декабр)

 

*** Соғлиқни сақлаш вазирининг 2019 йил 13 ноябр 95-буйруғи билан ўзгартиришлар ва қўшимча киритилган (Адлия вазирлигида рўйхат рақами 2649-3, 2019 йил 13-ноябр)

Ўзбекистон Республикаси

соғлиқни сақлаш вазирининг

2014 йил 18 декабрдаги

21-сон буйруғига

ИЛОВА

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга
малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ва “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунлари, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 майдаги ПҚ-4310-сон “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фан тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (***), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон “Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда 2009 йил 18 декабрдаги 319-сон “Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом талаблари тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи барча ташкилотларда фаолият юритадиган врачлар, фармацевтлар, “Олий ҳамширалик иши” мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга (бундан буён матнда тиббиёт ва фармацевтика ходимлари деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.

2. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш уларни ўз малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириб боришга йўналтириш ва моддий рағбатлантириш мақсадида амалга оширилади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига учинчи, иккинчи, биринчи ва олий малака тоифалари берилади.

Малака тоифаси олиш ихтиёрий бўлиб, тиббиёт ёки фармацевтика ходимининг мурожаатига кўра амалга оширилади.

3. Учинчи малака тоифаси – керакли назарий билимга эга бўлган, лекин иккинчи малака тоифасини олиш учун зарур иш стажига эга бўлмаган қуйидаги врачларга берилади:

умумий стоматология мутахассислиги бўйича олий маълумотга эга бўлган врачларга – фақат умумий стоматология мутахассислиги бўйича;

магистратурани тамомлаган ёки қайта тайёрлашдан ўтган врачларга – олган тор мутахассислиги бўйича.

Учинчи малака тоифаси врачларнинг хусусий тиббиёт муассасаларига ишга кириши ва ушбу муассасалар фаолиятини лицензиялашга шароит яратиш мақсадида берилади. Учинчи малака тоифасига эга давлат тиббиёт муассасалари врачларига малака тоифасига эга бўлмаган врачлар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари қўлланилади.

4. Иккинчи малака тоифаси – мутахассислиги бўйича камида беш йил иш стажига
ҳамда зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилади. Иккинчи малака тоифасини олиш учун учинчи малака тоифасининг бўлиши талаб қилинмайди.

5. Биринчи малака тоифаси – мутахассислиги бўйича камида етти йил иш стажига, яхши назарий билим ва амалий кўникмаларга ҳамда иккинчи малака тоифасига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилади.

6. Олий малака тоифаси – мутахассислиги бўйича камида ўн йил иш стажига, юқори назарий билим ва амалий кўникмаларга ҳамда биринчи малака тоифасига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилади.

7. Малака тоифасини олиш учун мурожаат қилган врачларнинг мутахассислик бўйича иш стажи Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомнинг 3-иловасига мувофиқ аниқланади.

Мутахассислик бўйича иш стажини ҳисоблаб чиқишда мазкур Низомнинг 1-иловасида кўрсатилган турдош мутахассисликлар бўйича иш стажи ўзаро ҳисобга олинади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходими мутахассислигининг номи ўзгарганда, унинг олдинги мутахассислиги бўйича олган малака тоифаси ва у бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари сақланади, кейинчалик янги номдаги мутахассислик бўйича малака тоифасини олиш учун мурожаат қилганда олдинги мутахассислиги бўйича иш стажи ва олган малака тоифаси инобатга олинади.

Қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий ёки кўп тармоқли марказий поликлиникаларда умумий амалиёт шифокори лавозимида ишлаётган тор мутахассисликка эга бўлган врачлар иш фаолиятини тор мутахассислиги бўйича давом эттирган тақдирда, уларнинг умумий амалиёт шифокори лавозимида ишлаган даврда олган малака тоифаси сақланиб қолади, шунингдек тор мутахассислиги бўйича малака тоифасини олиш учун мурожаат қилганда умумий амалиёт шифокори лавозимида ишлаган давридаги иш стажи ва олган малака тоифаси инобатга олинади ҳамда улар тегишли тор мутахассислиги бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда малака оширганидан сўнг аттестациядан ўтказилади.

Тиббиёт муассасаларида тор мутахассислиги бўйича ишлаётган врачлар қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий ёки кўп тармоқли марказий поликлиникаларга умумий амалиёт шифокори лавозимига ишга ўтган тақдирда, уларнинг тор мутахассислик бўйича олган малака тоифаси сақланиб қолади, шунингдек умумий амалиёт шифокори лавозими бўйича малака тоифасини олиш учун белгиланган тартибда мурожаат қилганда тор мутахассислиги бўйича ишлаган даврдаги иш стажи ва олган малака тоифаси инобатга олинади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда малака оширганидан сўнг аттестациядан ўтказилади (**).

Соғлиқни сақлаш муассасаларининг раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда бошқарув ходимлари жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил қилиш мутахассислиги бўйича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда бошқарув ходимлари умумий гигиена мутахассислиги бўйича, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий агентликлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда бошқарув ходимлари эпидемиология (***) мутахассислиги бўйича малака тоифаси олиш учун мурожаат қилишлари мумкин.

8. Малака тоифаси тиббиёт ёки фармацевтика ходимининг мурожаатига кўра асосий ва ўриндош иш жойидаги мутахассисликлардан биттаси бўйича ёки уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида берилиши мумкин. Бунда тиббиёт ёки фармацевтика ходими тегишли мутахассислик бўйича мазкур Низомда белгиланган талабларга жавоб бериши керак.

9. Малака тоифаси беш йил муддатга берилади.

Зарур иш стажига эга бўлган тиббиёт ёки фармацевтика ходимига у фаолият юритаётган тиббиёт муассасаси раҳбарининг тақдимномасига асосан муддатидан олдин, бироқ охирги малака тоифаси берилган кундан камида бир йилдан кейин (***) навбатдаги малака тоифаси берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги тиббиёт муассасаларида бевосита диагностика ва даволаш-профилактика фаолияти билан шуғулланаётган илмий даражаси мавжуд бўлган, шунингдек мазкур Низомнинг 4 – 6-бандларига мувофиқ иш стажига, юқори назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган мутахассисларга истисно тариқасида, бир поғона юқори малака тоифаси берилиши мумкин (***).

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига берилган малака тоифалари уларга табақалаштирилган ҳақ тўлаш учун асос бўлади, учинчи малака тоифаси бундан мустасно.

2-боб. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш
ва уларга малака тоифалари беришни ташкил қилиш

1-§. Ихтисослаштирилган аттестация комиссияларини тузиш ва уларнинг
ишини ташкил этиш

10. Малака тоифалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларини малака тоифаси олиш учун аттестациядан (бундан буён матнда аттестация деб юритилади) ўтказиш натижаларига кўра берилади.

Аттестация ихтиёрийлик, холислик ва ошкоралик принциплари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (бундан буён матнда аттестациядан ўтказувчи органлар деб юритилади) ҳузурида ташкил этиладиган ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари (бундан буён матнда аттестация комиссиялари деб юритилади) томонидан ўтказилади.

11. Аттестация комиссиялари тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси (бундан буён матнда ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари деб юритилади) ёки Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан камида етти нафар аъзодан, шу жумладан аттестация комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котибидан иборат таркибда ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этиладиган аттестация комиссиялари таркиби Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан, ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузурида ташкил этиладиган аттестация комиссиялари таркиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари раҳбарлари томонидан тасдиқланади.

Аттестация комиссиялари таркиби ҳар йили қайта тасдиқланади. Бунда аттестация комиссияси таркибининг камида йигирма фоизи янгиланиши керак.

Аттестация комиссиялари аъзолари аттестация комиссияси таркибига шартнома асосида жалб этилади.

12. Аттестациядан ўтказувчи органлар ҳузурида ташкил этиладиган аттестация комиссияларининг сони, ҳар бир аттестация комиссиясининг ихтисослиги ва улар томонидан аттестациядан ўтказиладиган мутахассисликлар тегишли ҳудудда фаолият юритаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Аттестация комиссиясининг ихтисослиги аттестация комиссияси аъзоларининг мутахассислигига мувофиқ бўлиши зарур.

13. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этиладиган аттестация комиссиялари таркибига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги (***), Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, олий тиббиёт таълим муассасалари, ихтисослаштирилган илмий ҳамда илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-тадқиқот институтлари, даволаш-профилактика муассасалари, тармоқ касаба уюшмаси республика кенгаши вакиллари киритилиши мумкин.

Ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузурида ташкил этиладиган аттестация комиссиялари таркибига ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органи, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясининг ҳудудий бўлинмалари ва ҳудудий Санитария-эпидемиологик осойишталик агентликлари (***), олий тиббиёт таълим муассасалари, ихтисослаштирилган илмий ҳамда илмий-амалий тиббиёт марказлари филиаллари, илмий-тадқиқот институтлари, даволаш-профилактика муассасалари, ҳудудий касаба уюшма бирлашмалари кенгашлари вакиллари киритилиши мумкин.

14. Ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари томонидан қуйидаги малака тоифаларини бериш бўйича аттестациялар ўтказилади:

врач ва фармацевтларга – учинчи, иккинчи ҳамда биринчи малака тоифаси бериш бўйича, мазкур Низомнинг 16-бандида назарда тутилган врач ва фармацевтлар бундан мустасно;

“Олий ҳамширалик иши” мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларига – иккинчи, биринчи ва олий малака тоифаларини бериш бўйича.

15. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари томонидан тиббиёт ва фармацевтика ходимларига барча турдаги малака тоифаларини бериш бўйича аттестациялар ўтказилади.

16. Қуйидаги тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фақат Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари томонидан аттестациядан ўтказилади:

врач ва фармацевтлар – олий малака тоифаси бериш бўйича;

жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил қилиш мутахассислиги бўйича ишлаётган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари;

республика тиббиёт муассасаларининг тиббиёт ва фармацевтика ходимлари;

фаолият юритаётган жойдаги ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари таркибида мутахассислиги бўйича аттестация комиссияси аъзоси мавжуд бўлмаган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари.

17. Аттестация комиссияси:

аттестациядан ўтказиладиган талабгор ҳақида қисқача ахборотни тинглайди;

аттестациядан ўтадиган талабгорга саволлар беради , унинг жавоблари натижалари бўйича очиқ овоз беришни ўтказади;

аттестация натижаси бўйича талабгорга баҳо беради;

аттестациядан ўтган талабгор фаолиятини яхшилаш бўйича тавсиялар беради;

аттестация саволларини тузади ва уларни янгилаб боради;

аттестация ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни кўриб чиқади.

Аттестация комиссияси йиғилиши унинг ишида аттестация комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

18. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Врачлар
ва фармацевтларга лицензия бериш ва аттестациядан ўтказиш Республика маркази Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссияларининг доимий ишчи органи ҳисобланади. Доимий ишчи орган ходимлари аттестация комиссиялари таркибига киритилмайди.

19. Доимий ишчи орган:

Талабгорлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг мазкур Низомнинг 22-банди талабларига мувофиқлигини кўриб чиқади;

талабгорларнинг ҳужжатларини аттестация комиссиясида кўриб чиқиш учун тайёрлайди;

аттестациядан ўтказиладиган талабгорлар рўйхатини тузади;

аттестация саволлари рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг веб-сайтига жойлаштирилишини таъминлайди;

аттестацияни ўтказиш санаси ва жойи тўғрисидаги, шунингдек узрли сабабларга кўра уларнинг ўзгарганлиги ҳақидаги маълумотларни аттестация комиссияси аъзоларига ҳамда талабгорларга етказади;

аттестация комиссияси фаолиятини ташкил этишга доир бошқа вазифаларни
амалга оширади.

20. Ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссияларида доимий ишчи органнинг вазифалари ушбу аттестация комиссияларининг ўзлари томонидан амалга оширилади.

21. Ҳар бир аттестация комиссиясининг йиғилишлари аттестациядан ўтказувчи орган томонидан тасдиқланадиган йиллик жадвал асосида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари йиғилишларининг йиллик жадвали унинг расмий веб-сайти
ва тизимидаги оммавий ахборот воситаларида, ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари йиғилишларининг йиллик жадвали уларнинг расмий веб-сайтларида январь ойининг ўн бешинчи санасига қадар эълон қилинади.

2-§. Талабгорларнинг аризаларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш

22. Мазкур Низомнинг 1-боби талабларига мувофиқ, тегишли малака тоифасини олиш ҳуқуқига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 майдаги ПҚ–4310-сон “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 6-иловасида белгиланган кредитлар ҳажмини тўплаган ҳамда (***) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 декабрдаги 319-сон қарори билан тасдиқланган Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ малака оширган талабгорлар малака тоифаси олиш учун аттестациядан ўтказувчи тегишли органга ариза билан мурожаат қилади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт) нусхаси;

никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома нусхаси (диплом ёки малака тоифаси олгандан сўнг фамилияси ўзгарган талабгорлар учун);

олий (ўрта махсус) тиббий ёки фармацевтика маълумоти тўғрисидаги диплом, шунингдек интернатура, магистратурани тамомлаганлиги ёки қайта тайёрлашдан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси;

меҳнат дафтарчасининг иш жойида тасдиқланган нусхаси ёки ундан кўчирма;

малака тоифаси берилганлиги тўғрисидаги сертификатнинг нусхаси (малака тоифасига эга бўлган талабгорлар учун);

мутахассислик бўйича малака оширганлиги тўғрисидаги сертификатнинг нусхаси;

илмий семинарлар, съездлар, конференцияларда қатнашганлиги ҳамда хорижий давлатларда малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (диплом, гувоҳнома, сертификат ва ҳ.к.) нусхаси (мавжуд бўлганда);

талабгор фаолият юритаётган тиббиёт муассасаси раҳбарининг тақдимномаси (муддатидан олдин малака тоифаси олишга талабгорлар учун);

фаолият юритаётган тиббиёт муассасаси раҳбари томонидан берилган тавсифнома;

охирги икки йил (*) давомида талабгор фаолият юритаётган тиббиёт муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланган талабгорнинг меҳнат фаолияти ҳақидаги ҳисобот, ушбу даврда талабгорнинг иш жойи ўзгарган тақдирда, олдинги иш жойидаги меҳнат фаолияти ҳақидаги ҳисобот билан бирга;

мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда тўлдирилган аттестация варақаси;

аттестация ўтказиш учун амалга оширилган тўлов ҳужжатининг нусхаси.

Талабгорлардан мазкур бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни сўраб олишга йўл қўйилмайди.

Тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги учун талабгор ва ташкилот раҳбари масъул (*) ҳисобланади.

23. Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар аттестациядан ўтказувчи органнинг электрон почта манзили орқали ҳам тақдим этилиши мумкин. Бунда талабгор аттестацияда иштирок этиш учун келганда электрон почта орқали жўнатилган ҳужжатларнинг қоғоз нусхаларини тақдим этиши лозим.

24. Аттестация ўтказиш учун врач ва фармацевт талабгорлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг (***) икки баравари миқдорида тўлов ундирилади. Аттестациядан ўтказиш учун “Олий ҳамширалик иши” мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларидан тўлов ундирилмайди.

25. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар қабул қилинган кундан бошлаб ўн кун
ичида кўриб чиқилади. Қуйидаги ҳолларда талабгорни аттестациядан ўтказиш рад этилади:

талабгор мазкур Низомнинг 1-боби талабларига мувофиқ, тегишли малака тоифасини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 майдаги ПҚ–4310-сон “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 6-иловасида белгиланган кредитлар ҳажмини тўпламаган ёки (***) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 декабрдаги 319-сон қарори билан тасдиқланган Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ малака оширмаган тақдирда ;

мазкур Низомнинг 22-бандида назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганда;

тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки қалбакилаштирилган маълумотлар мавжудлиги аниқланганда .

Аттестациядан ўтказишни бошқа асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

26. Аттестациядан ўтказиш рад этилган тақдирда, бу ҳақда талабгорга ёзма равишда асослантирилган хабар берилади ва кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш учун уч ой муддат берилади.

Кўрсатилган камчиликлар талабгор томонидан уч ой ичида бартараф этилган тақдирда, аттестация ўтказиш учун қайта мурожаат қилиш, шу жумладан такроран тўлов амалга ошириш талаб этилмайди. Ушбу муддат ўтгач, талабгор аттестациядан ўтиш учун умумий асосларда қайта мурожаат қилишга ҳақли.

Кўрсатилган камчиликлар талабгор томонидан уч ой ичида бартараф этилган тақдирда, аттестация ўтказишни илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

27. Малака тоифаси муддати тугаши билан эгаллаб турган ёки бошқа малака тоифасини олиш истагида бўлган талабгор, амалдаги малака тоифаси муддати тугашидан камида уч ой олдин аттестациядан ўтиш тўғрисида мурожаат қилиши лозим. Бунда мазкур Низомнинг 22-бандида назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ бўлган тақдирда, ушбу талабгор уч ой ичида аттестациядан ўтказилиши шарт.

Талабгор амалдаги малака тоифаси муддати тугагандан кейин ҳам малака тоифаси олиш учун мурожаат қилишга ҳақли. Малака тоифаси муддатининг тугаганлиги талабгорга ушбу малака тоифаси ёки навбатдаги малака тоифаси беришни рад этиш учун асос бўлмайди.

3-§. Талабгорларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаси бериш

28. Ўз кучини йўқотган.

29. Аттестация 5 та саволдан иборат билет асосида суҳбат шаклида ўтказилади.

30. Талабгорнинг саволларга жавоблари қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

ўз мутахассислиги бўйича тайёргарлик даражаси;

касбий фаолияти натижалари, умумий ва махсус билим ҳамда амалий кўникмалари;

ўз хизмат фаолиятини таҳлил қила олиш ва касбига боғлиқ вазиятли масалаларни тўғри ҳал қилиш қобилияти;

замонавий профилактика стандартлари, диагностика ва даволаш усулларини билиши ҳамда амалиётда қўллай олиши (врачлар учун);

тиббиёт деонтологияси ва касб этикаси асосий принципларини билиши;

соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар, шу жумладан тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимидан хабардорлиги.

Талабгорнинг ҳар бир саволга жавоби аттестация комиссияси аъзоларининг кўпчилик овози билан ўн баллик тизимда баҳоланади. Овозлар тенг бўлганда аттестация комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи бўлади.

31. Аттестацияда олинган баллар ҳар бир талабгор бўйича аттестация комиссияси томонидан қуйидача қарор қабул қилиниши учун асос бўлади:

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 65 фоизи ва ундан юқори балл учун – талабгорлик қилаётган малака тоифасига лойиқ деб топиш ҳақида;

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 56 фоизидан 64 фоизигача балл учун – талабгорлик қилаётган малака тоифасидан бир поғона паст малака тоифаси бериш ҳақида;

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 46 фоизидан 55 фоизигача балл учун – талабгорлик қилаётган малака тоифасидан икки поғона паст малака тоифаси бериш ҳақида;

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 40 фоизидан 45 фоизигача балл учун – талабгорлик қилаётган малака тоифасидан уч поғона паст малака тоифаси бериш ҳақида;

тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 40 фоизидан кам балл учун ёки мазкур банднинг учинчи – бешинчи хатбошиларига мувофиқ тегишли паст поғонадаги малака тоифаси мавжуд бўлмаган ҳолларда – малака тоифаси беришга нолойиқ деб топиш ҳақида.

Талабгорлар томонидан аттестацияда олинган баллар ҳамда аттестация комиссияси қарори шу куннинг ўзида уларга ўқиб эшиттирилади.

32. Аттестация натижаси ҳамда ҳар бир талабгор бўйича аттестация комиссияси қарори талабгорнинг аттестация варақасига киритилади ҳамда ушбу варақа аттестация комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади.

33. Аттестация давомида аттестация комиссияси котиби томонидан баённома юритилади.

Баённомада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

аттестация ўтказилган жой ва сана,

аттестация бошланган ва тугалланган вақт;

аттестацияда қатнашган аттестация комиссияси аъзоларининг исми ва отасининг исми бош ҳарфлари, фамилияси ҳамда лавозими;

аттестациянинг умумий натижалари;

аттестация жараёнига тааллуқли бўлган бошқа маълумотлар .

Баённомага аттестацияда ҳозир бўлган ва келмаган талабгорлар рўйхати киритилган жадвал илова қилинади. Мазкур жадвалда ҳар бир талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, иш жойи, лавозими, мутахассислиги, умумий иш стажи, мутахассислиги бўйича иш стажи, малака оширган вақти, амалдаги малака тоифаси ва берилган йили, талабгорлик қилаётган малака тоифаси, аттестацияда олинган баллар ҳамда аттестация комиссиясининг қарори кўрсатилади.

Баённома аттестация комисияси раиси ва котиби томонидан имзоланади.

34. Баённомага асосан, аттестация тугаган кундан бошлаб ўн кун ичида аттестация якунлари бўйича аттестация ўтказувчи орган раҳбарининг буйруғи қабул қилинади ҳамда малака тоифаси берилган талабгорларга мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда Малака тоифаси берилганлиги тўғрисида сертификат (бундан буён матнда сертификат деб юритилади) расмийлаштирилади.

Сертификат бланклари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳимояланганлик даражаси, ҳисобга олиш серияси ва тартиб рақамига эга бўлади.

35. Сертификат берилганлиги учун “Олий ҳамширалик иши” мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларидан базавий ҳисоблаш миқдорининг (***) йигирма фоизи миқдорида тўлов ундирилади.

36. Аттестацияда тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 65 фоизидан кам балл олган талабгорлар аттестация ўтказилган кундан бошлаб тўққиз ой (***) ўтгач, малака тоифаси олиш учун умумий асосларда қайта мурожаат қилишлари мумкин.

Аттестациядан ўтиш учун мурожаат қилган, бироқ бир йил ичида аттестацияда иштирок этмаган талабгорлар малака тоифаси олиш учун умумий асосларда қайта мурожаат қилишлари мумкин.

Талабгор аттестациядан ўтмаган ёки унда иштирок этмаган ёхуд малака тоифасини олишдан бош тортган тақдирда, аттестация ўтказиш учун қилинган тўловлар қайтарилмайди.

3-боб. Сертификатнининг амал қилишини тугатиш ва уни бекор қилиш

37. Қуйидаги ҳолларда сертификатнинг амал қилиши тугатилади:

сертификатнинг амал қилиш муддати тугаганда;

тиббиёт ёки фармацевтика ходимининг фаолиятида беморнинг ўлимига сабаб бўлувчи қўпол хато ва бузилишларга йўл қўйилган ёхуд ногиронлик тайинланишига олиб келувчи оғир тан жароҳатлари етказилганлиги суднинг қарори билан аниқланганда;

малака тоифаси муддати тугагунга қадар аттестацияда иштирок этган талабгорга амалдаги малака тоифасидан пастроқ малака тоифаси берилган ёки малака тоифаси берилмаган ҳолларда.

Сертификатнинг амал қилишини муддатини олдин тугатиш уни берган аттестация ўтказувчи орган раҳбарининг буйруғи билан амалга оширилади. Бунда сертификатнинг амал қилиши мазкур буйруқ қабул қилинган санадан эътиборан тугатилади.

38. Малака тоифаси сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги суднинг қарори билан аниқланганда сертификат бекор қилинади.

Сертификатни бекор қилиш уни берган аттестация ўтказувчи орган раҳбарининг буйруғи билан амалга оширилади. Бунда сертификат у берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.

39. Сертификатнинг амал қилишини тугатиш ва уни бекор қилиш ҳақидаги буйруқнинг нусхаси ўн кун ичида унинг эгасига ва у фаолият юритаётган тиббиёт муассасасига юборилади.

Сертификатнинг амал қилиши тугатилган ёки у бекор қилинганда талабгор томонидан қилинган тўловлар қайтарилмайди.

4-боб. Апелляция шикояти бериш ва уни кўриб чиқиш

40. Аттестация комиссиясининг қароридан норози бўлган талабгорлар аттестация ўтказилган кундан бошлаб ўн календарь кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида тузиладиган апелляция комиссиясига ёзма равишда апелляция шикояти бериш ёки судга мурожаат қилиш (*) ҳуқуқига эга.

Аппеляция комиссияси таркиби Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан тасдиқланади. Аттестация комиссияси аъзолари апелляция комиссияси таркибига киритилмайди.

41. Апелляция шикоятини аппеляция комиссияси томонидан икки ҳафта ичида талабгор иштирокида, зарур ҳолларда аттестация комиссияси аъзолари ва бетараф мутахассисларни таклиф қилган ҳолда кўриб чиқилади .

Апелляция шикоятида кўрсатилган важлар аппеляция комиссияси томонидан аттестация материаллари асосида ўрганилади. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижаларига кўра уни қаноатлантириш ёки аттестация комиссияси қарорини ўзгартиришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинади.

42. Аппеляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.

5-боб. Сертификатнинг дубликатини бериш

43. Йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган сертификатнинг ўрнига ушбу сертификат эгасининг аризасига кўра ўн беш кун ичида унинг дубликати берилиши шарт.

44. Сертификат дубликатида унинг аввалги ҳисобга олиш рақами, белгиланган амал қилиш муддати ҳамда юқори ўнг бурчагига “ДУБЛИКАТ” ёзуви кўрсатилади . Сертификатнинг дубликатини берганлик учун аттестациядан ўтиш ва қўшимча ҳақ тўлаш талаб қилинмайди.

6-боб. Якуний қоидалар

45. Ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари учун ундирилган тўловлар мазкур органларнинг, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари учун ундирилган тўловлар доимий ишчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.

46. Ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ҳузурида ташкил этилган аттестация комиссиялари томонидан йиллик жадвал бўйича барча йиғилишлар ўтказилгандан кейин, бироқ кейинги йил январь ойининг ўн бешинчи санасидан кечиктирмасдан ўтказилган аттестация натижалари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ахборот тақдим этади.

Врачлар ва фармацевтларга берилган малака тоифаларининг ҳисоби доимий ишчи орган томонидан, “Олий ҳамширалик иши” мутахассислигига эга бўлган ҳамшираларга берилган малака тоифаларининг ҳисоби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юритилади.

47. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

48. Мазкур ўзгартиришлар ва қўшимча Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.

Молия вазири

Р.Азимов

2014 йил «16» декабр

 
   
   

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазири

А.Абдухакимов

2014 йил «16» декабр

 
   
   

Ўзбекистон касаба уюшмалари

Федерацияси кенгаши раиси

Т.Назарбаева

2014 йил «16» декабр

 

Тиббиёт ва фармацевтика
ходимларини аттестациядан ўтказиш
ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги низомга

1-илова

Малака тоифасини олиш учун мурожаат қилган врачларнинг мутахассислик бўйича иш стажини ҳисоблаб чиқаришда ўзаро ҳисобга олинадиган

турдош мутахассисликлар

т/р

Мутахассислик номи

Ўзаро ҳисобга олинадиган мутахассисликлар номи

1.

“Психиатрия”

“Наркология”, “Психотерапия”, “Суд-психиатрия экспертизаси”, “Суицидология”

2.

“Терапия”

“Гастроэнтерология”, “Гериатрия”, “Диетология”, “Клиник фармакология”, “Нефрология”, “Касб касаллиги”, “Пулъмонология”, “Ревматология”, “Тез тиббий ёрдам

3.

“Педиатрия”

“Неонатология”, “Болалар кардиологияси ва ревматологияси”, “Болалар нефрологияси”, “Болалар пульмонологияси”, “Болалар гастроэнтерологияси”, “Тез тиббий ёрдам”

4.

“Тиббий радиология”

“Интервенцион радиология”, “Рентгенология”, “Ультратовуш ташҳиси”, “Ядроли тиббиёт”

5.

“Умумий гигиена”

“Меҳнат гигиенаси”, “Овқатланиш гигиенаси”, “Болалар ва ўсмирлар гигиенаси”, “Коммунал гигиена”, “Радиацион гигиена”, “Пестицид ва минерал ўғитларнинг қўлланилишини назорат қилиш гигиенаси”

6.

“Умумий врачлик амалиёти ва оилавий тиббиёт”

Барча тор мутахассисликлар (***)

7.

“Ўсмирлик даври ва хизматга чақирилувчи ёшлар касалликларини тиббий экспертизаси”

“Умумий амалиёт шифокори”, “Терапия”, “Педиатрия”

8.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тиббий меҳнат экспертиза инспекцияси тизимида эксперт

“Невролог”, “Терапевт”, “Хирург”, “Офтальмолог”, “Фтизиатр”, “Психиатр” ва бошқа мутахассисликлар


3824
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech