ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
CОҒЛИҚНИ САҚЛАШ СОҲАСИДА ХУСУСИЙ СЕКТОРНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашишни кучайтириш, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолига юқори технологияли сифатли тиббий хизматлар кўрсатиши учун зарур шароитлар яратиш, хусусий тиббиёт соҳасига хориждан инвестициялар ва юқори малакали мутахассислар жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, тиббий туризм ва тиббий хизматлар экспортини ривожлантириш мақсадида:
1. Қуйидагилар соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантиришнинг асосий йўналиш ва вазифалари этиб белгилансин:
мамлакатимизнинг барча ҳудудларида хусусий тиббиёт муассасалари тармоғи фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган масалаларни тизимли ҳал этиш;
хусусий тиббиёт муассасаларининг ташхис қўйиш ва даволаш бўйича замонавий юқори технологияли усулларни кенг қўллаган ҳолда, кенг аҳоли қатламлари, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган хизматлар кўлами ва турларини кенгайтиришни ҳар томонлама рағбатлантириш;
хусусий тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий тиббиёт ускуналари, махсус инвентар ва асбоблар билан жиҳозлаш, тиббиёт ихтисосликлари турига мос келадиган ва санитария норма ҳамда қоидалари талабларига жавоб берадиган бино ва хоналар билан таъминлаш;
қулай кредит ва лизинг механизмларини фаол жалб этиш орқали хусусий тиббиёт муассасаларини молиявий қўллаб-қувватлаш кўлами ва ҳажмини тубдан ошириш, етакчи хорижий клиника ҳамда тиббиёт марказлари билан ҳамкорликда даволаш-ташхис муассасаларини ташкил этган ҳолда хусусий тиббиёт соҳасига хорижий инвестициялар жалб қилишни кенгайтириш;
аҳолига давлат томонидан кўрсатиладиган кафолатли бепул тиббий ёрдам билан бирга тиббий суғурта тизимини кенг жорий этган ҳолда сифатли ва арзон маслаҳат-ташхис, даволаш, соғломлаштириш ва бошқа турдаги тиббий хизматлардан фойдаланиш учун қўшимча имкониятлар яратадиган пулли тиббий хизматлар бозорини жадал ривожлантириш;
илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, хусусий тиббиёт соҳаси учун тиббий таълимнинг замонавий усул ва технологияларидан фойдаланиш асосида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг сифатли ва самарали тизимини шакллантириш, хусусий тиббиёт муассасаларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш.
Ҳужжатнинг тўлиқ матни: lex.uz