Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари А. Азизов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилоятига борди.
Вазир ўринбосари ҳудудлардаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш, жойлардаги вакцинация жараёни ҳамда фавқулодда ҳолатларга вилоятлардаги тиббиёт муассасалари шайлигини мониторинг ва таҳлил қилиш мақсадида вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва улар тасарруфидаги тиббиёт муассасалари фаолиятини ўрганмоқда.
Даставвал, ишчи гуруҳ Жиззах вилоятидаги 150 ўринга мўлжалланган вилоят юқумли касалликлар шифохонасидаги ҳолат, хусусан, керакли мед-техника жиҳозлари билан таъминланганлик даражаси ҳамда коронавирусни даволашда муҳим бўлган кислород концентраторларининг шай ҳолатда эканини кўздан кечирди. Сўнг эса ҳудудлардаги эмлаш жараёнлари билан танишди.
— Мамлакатимизнинг ҳар бир худудида, пойтахтдами ёки марказдан олис туман ва шаҳардами бир хил, сифатли тиббий хизмат кўрсатилмаса, халқимизнинг розилигига эришишимиз қийин, — дейди А. Азизов. — Жиззах вилоятига қилган сафаримиз давомида Жиззах шаҳри, Дўстлик, Зомин, Пахтакор, Фориш каби туманларидаги эмлаш жараёнларини кузата туриб, оммавий эмлаш тадбирлари барча ҳудудда намунали тарзда ташкил этилганига гувоҳ бўлдим. Кузатувимиз давомида ҳудуддаги эмлаш марказларида керакли барча тиббий жиҳозлар мавжудлиги ҳамда жараён санитария-гигиена қоидаларига мос равишда ўтказилаётгани аён бўлди.
Ишчи гуруҳимиз томонидан Шароф Рашидов туманидаги 20-сон оилавий поликлиникаси ўтказган хатлов натижасида аниқланган 3- ва 4-гуруҳга мансуб 800 нафар аҳолидан 428 нафари тиббий кўриклардан ўтказилиши, улардан 361 нафарига амбулатор, 4 нафарига туман шифохонасида, 3 нафарига вилоят шифохоналарида соғломлаштириш учун йўлланмалар берилиши назоратга олинди.
Шунингдек, айрим поликлиникалардаги аҳолини электрон базасини яратиш, уларни xatlov.uz ва emlash.uz дастурига киритиш бўйича юзага келаётган жузъий камлчиликлар ўрганилиб, бартараф этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.