Барчангизни кириб келаётган Янги — 2023 йил билан чин қалбимдан табриклайман!
Хаста дилларда умид ва ишонч уйғотиб, уларни соғлом ҳаётга қайтариш учун билим ва тажрибангиз, меҳр ва садоқатингизни бахшида этиб келаётган, Сиз, соҳа фидойиларини халқимиз ҳамиша юксак қадрлайди.
Тараққиётга фақат фидойилик ва жасоратли меҳнат орқали эришилади. Ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, одамлар дардига дармон бўлишни муқаддас бурчи, деб билган азиз шифокорлар бу борада ҳам доимгидек олдинги сафларда бўлишига ишонаман.
Биз ҳар бир юртдошимизнинг соғлигини мустаҳкамлаш, ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаслигини таъминлашга қаратилган самарали тизим яратишни мақсад қилганмиз. Бунда, албатта, қалби ҳам эгнидаги либосидек покиза тиббиёт ходимлари меҳнатига суянамиз.
Соат миллари Янги йил оқшомига тобора яқинлашаётган айни дамларда Сизларни қутлуғ айём билан яна бир бор муборакбод этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, кўтаринки кайфият тилайман.
Бахту иқболингиз зиёда бўлсин! Юзингиздан табассум аримасин! Доимо халқ ардоғида бўлинг!
Амрилло Иноятов,
Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазири.