Вазирлик раҳбариятининг расмий чиқишлари

452
Распечатать
01 Окт 2021

ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

Масъулиятли ва шарафли вазифани ўз зиммасига олган, эзгу ва машаққатли йўлда фидокорона меҳнат қилаётган азиз ва жонкуяр устозлар!

Сизларни, ёш авлодга таълим-тарбия беришдек машаққатли ишга бутун умрини бахш этган барча устозларни бугунги қутлуғ айём – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман.

Бугун бутун халқимиз сиз азизларнинг юртимиз фарзандлари камоли, уларнинг нурли истиқболи йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларингиз, шарафли ва олийжаноб меҳнатингиз қадрини янада теранроқ ҳис этмоқда, десак асло муболаға бўлмайди. Зеро, ёшларга сабоқ бериш, илм-фан чўққиларини забт этиши учун уларга тўғри йўл кўрсатиш – инсондан юксак сабр ва матонат талаб қиладиган машаққатли, шу билан бирга, савобли юмушдир.

Шу боис муҳтарам Президентимиз бу йил ўқитувчилар ва мураббийларга йўллаган байрам табригида “...Сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир”, – дея алоҳида қайд этиб ўтдилар.

Эътиборлиси, мамлакатимизда сўнгги йилларда илм-фан ва таълим-тарбия соҳасини янада ривожлантириш, устоз ва мураббийларнинг жамиятдаги обрў-эътибори ва ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, ёш авлоднинг чуқур билим олиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, юртимизда тиббий таълим тўлиқ трансформация қилиниб, хорижий давлатларнинг нуфузли клиникалар филиаллари ва қўшма факультетларини очиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги 11 та олий таълим муассасаси, 28 та тиббиёт коллежи, 47 та Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари ва қатор академик лицейларда бугун юзлаб педагог ходимлар меҳнат қилиб келмоқда.

Муҳтарам ўқитувчи ва мураббийлар!

Барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт йўналишида малакали кадрлар тайёрлашда ҳам сизларга суянамиз. Юртимиз шифохоналарини малакали ва замонавий билимларга эга шифокорлар билан тўлиқ таъминлаш масаласи тиббиёт ўқув юртларида дарс бераётган профессор-ўқитувчиларнинг билими, малакаси ва педагогик маҳорати билан узвий боғлиқдир.

Аслида жамиятда бир шифокорнинг пайдо бўлиши учун узоқ йиллар керак. Олий таълимдан кейинги профессионал фаолиятда ҳам юртимиз тиббиёт муассасаларида устоз-шогирдлик анъанаси яхши ривожланган. Инсонларга даво улашувчи ҳар бир оқ халат эгаси бутун умр ўқиб ўрганади.

Таъбир жоиз бўлса, шифокорлик йўли мактаб партасидан бошланади, десак, муболаға бўлмайди. Бу машаққатли касбга меҳри уйғонган болаларнинг мактабда табиий фанларни чуқур ўзлаштиришга интилиши, кейинчалик ана шу йигит-қизлар тиббиёт олий ўқув юртларининг дурдона кадрлари бўлиб етишишларига шахсий тажрибамизда кўп гувоҳ бўлганмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, соғлиқни сақлаш тизимига шундай билимли ёшларни етказиб бераётган фидойи муаллимларга самимий миннатдорчилигимни билдираман.

Азиз муаллимлар!

Сизларга мустаҳкам соғлик, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, дастурхонингизга барака тилайман. Халқимиз фарзандларига таълим-тарбия беришдек эзгу йўлда меҳнат қилишдан асло чарчаманг. Байрамингиз муборак бўлсин!

Абдуҳаким ХАДЖИБАЕВ,
Соғлиқни сақлаш вазири.

452
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech