Сизларни, аввало, бугунги касб байрамингиз — Халқаро ҳамширалар куни билан чин қалбимдан табриклайман.
Беморларга ўз ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси ва яқинларидек муносабатда бўлиб, уларни нафақат дори-дармон, балки ширин сўз, меҳр-эътибор билан муолажа қилаётган, хаста юракларга ҳар дам парвона бўлаётган қўли енгил ҳамшираларимизни ҳамиша ардоқлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз.
Кимнингдир меҳрибон онаси, кимнингдир қизи ва азиз опа-синглиси бўлган Сиз, саломатлик посбонларининг фидойи меҳнатингизни чексиз миннатдорлик билан эътироф этамиз.
Энди ҳамшира деганда, одамлар кўз олдида фақат беморларни парвариш қиладиган, уларнинг ҳароратини ўлчайдиган тиббиёт ходими эмас, балки билим ва малакаси юқори, шифокорлардан асло қолишмайдиган масъулиятли мутахассислар жонланиши керак. Бунга эришиш сизларнинг ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатларингиз, доимий изланиш ва интилишларингизга боғлиқ.
Азиз ҳамширалар!
Оқ ниятингиздай эгнингиздаги оқ либосингиз ўзингизга хўп ярашган. Ҳеч қачон унга доғ тушмасин! Ҳамиша эл ардоғида бўлиб юринг!
Беҳзод МУСАЕВ,
Соғлиқни сақлаш вазири.