Қадрли мунис опа-сингилларимиз!
Соҳамизнинг фидойи хотин-қизлари!
Дунёдаги энг улуғ касб эгалари – тиббиёт соҳаси ходимлари муқаддас қасамёдига содиқ, ўз ишига фидойи бўлсагина улуғ бир неъмат – халқнинг ишончи, эъзоз-эҳтиромига сазовор бўла олишлари мумкин.
Юртимиз соғлиқни сақлаш ходимлари ўтган йили дунё халқларини таҳликага солган, ўз навбатида, бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмаган пандемия даврида мардонавор кураши, жасорати билан бунга муносиб эканликларини исботлади, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Айниқса, бу даврда соҳада фаолият юритаётган хотин-қизларимиз ўз қатъияти, кўринмас ёвга қарши мардонавор кураши билан Тўмарис, Барчиной каби момоларимизнинг чин авлодлари эканини исботлашди.
Албатта, бундай фидойи инсонлар халқимиз меҳрини қозониши билан бирга давлатимизнинг эътирофи, ғамхўрлигига ҳам эришди.
Жумладан, Президентимизнинг тегишли Фармонлари билан ўтган йили 300 нафарга яқин айнан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасаларда фаолият юритаётган тиббиёт соҳаси мутахассислари мукофотланди. Уларнинг аксарияти мунис опа-сингиллларимиз экани янада қувонарли.
Куни кеча Президентимизнинг “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Унга кўра, юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларда фаол қатнашиб, янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётгани учун бир гуруҳ аёллар фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди. Уларнинг 15 нафари тиббиёт ходимлари экани соҳада фаолият юритаётган хотин-қизларимизнининг меҳнати нақадар улуғ эканини билдиради.
Шунингдек, бу йил 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири ҳар йилгидан кўра кўтаринки руҳ, катта шодиёна тарзида ўтаётганини ҳам қайд этиб ўтишим керак.
Унда давлатимиз раҳбари хотин-қизларимиз пандемия шароитида аҳоли саломатлигини асраш ва болаларни ўқитишдаги фидойилигини ҳам алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари ўз сўзида фидойи шифокорлар, меҳрибон ҳамширалар кўрсатган жасорат ва матонат туфайли минг-минглаб беморлар шифо топиб, ҳаёт қувончини яна ҳис этганига урғу бериб, бундай замонавий билим ва истеъдодга, етакчилик қобилиятига эга, эл-юртимиз учун фидойи хотин-қизларимизни халқимиз, миллатимизнинг олтин фонди, дея таърифлагани уларга берилган ҳақиқий эътирофдир.
Сўнгги йилларда аҳолини, айниқса, хотин-қизларимизни қўллаб-қувватлаш соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, кейинги 3 ойда республика комиссияси томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган 80 минг нафар хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилгани нақадар салмоқли ишлар олиб борилаётганини кўрсатади.
Бу жараёнлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, бундан буён Ўзбекистонда биронта ҳам аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди.
Байрам арафасида Президентимиз томонидан имзоланган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг эълон қилиниши ана шу тадбирларнинг мантиқий давоми бўлди. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар бевосита халқимизнинг фаровон, ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Тиббиёт соҳасида айни пайтда фаолият юритаётган мунис аёлларимиз, азиз опа-сингилларимиз орқали барча хотин-қизларимизни 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан уларни чин қалбимиздан мубарокбод этиб, мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик, ишларига муваффақиятлар тилаймиз!
Ҳамиша халқимиз ардоғида бўлиб юринг, азиз ва мўътабар тиббиёт соҳаси ходималари!
Абдуҳаким ХАДЖИБАЕВ,
Соғлиқни сақлаш вазири