Вазирлик раҳбариятининг расмий чиқишлари

313
Распечатать
16 Янв 2021

ССВ: ТИББИЁТ СОҲАСИ ДАВЛАТ ВА ХАЛҚ ЎРТАСИДА МУСТАҲКАМ КЎПРИККА АЙЛАНИШИ ЛОЗИМ

Соғлиқни сақлаш вазирлигида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳиятига бағишланган видеоконференция бўлиб ўтди. Унда Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев ва тизим мутасадди раҳбар ходимлари иштирок этди.

Тадбирда ҳужжатга мувофиқ, 2021 йилда соғлиқни сақлаш тизимида амалга ошириладиган янгиланиш ва ислоҳотлар ҳамда вазирлик зиммасига юклатилган муҳим топшириқ ва вазифалар ҳақида сўз борди.

— 2020 йил тиббиёт ходимлари учун ўта оғир, синовли йил бўлгани барчага маълум, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев. — 2021 йил ҳам соҳа вакиллари учун янада масъулиятли, аҳамиятли йил бўлиши шубҳасиз. Жорий йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили деб эълон қилингани ҳам сўзимизни исботлайди.
Хусусан, Президентимизнинг Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида тиббиёт соҳасига алоҳида урғу берилди ҳамда шу йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги амалга ошириши керак бўлган бир қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, 2021 йил коронавирус пандемиясига қарши курашишни тизимли равишда давом эттириш энг муҳим вазифалардан бири сифатида эътироф этилиб, ушбу тадбирлар учун давлат бюджетидан 3 триллион сўм маблағ ажратилиши қайд этилди.

Шунингдек, Мурожаатномада халқимизга кўрсатилаётган тиббий-профилактика, патронаж ёрдамини янада яхшилаш, тез ва шошилинч тиббий ёрдам ҳамда ихтисослашган тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш каби халқни рози қилиш мақсадида қилинадиган қатор ишлар амалга оширилиши белгилланди.

Бир сўз билан айтганда, бу тадбирлар тиббиёт соҳасининг давлат ва халқ ўртасидаги мустаҳкам кўприк бўлишига замин яратиши керак.

Бундан ташқари, тадбирда Мурожаатномага биноан, Санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этиши учун 200 миллион доллар йўналтирилиши ҳамда аҳолимизнинг катта қисмини қийнайдиган ўткир қон-томир касалликлари бўйича 35 та туманлараро марказ ташкил этилиши белгилангани қайд этилди.

Жорий йилда онко гематология соҳаси ҳамда даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича мураккаб диагностика ва тиббий амалиётлар учун бюджетдан 250 миллиард сўм ажратилиши ҳамда ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган беморларни илк бор бепул гемодиализ хизмати билан қамраб олиниши кўзда тутилаётгани билдирилди.

Танқидий руҳда бўлиб ўтган тадбир сўнгида Мурожаатномада белгиланган вазифалар муҳокама қилиниб, уларни бажариш бўйича аниқ мақсад ва режалар белгилаб олинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

313
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech