Янгиликлар

40
Распечатать
07 Апр 2021

Абдулла Азизов Сирдарёда давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш жараёни билан танишди

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла АЗИЗОВ бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятига борди. Ишчи гуруҳ вилоятда давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш ва ҳудуддаги эмлаш жараёнларини мониторинг қилиш, жойларда аҳоли вакиллари билан учрашиб, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморларни бепул даволанишини ташкиллаштириш масалаларини кўриб чиқди.

Вазир ўринбосари А. Азизов бошчилигидаги ишчи гуруҳ даставвал давлат тиббий суғуртаси механизмларини амалиётга татбиқ этишга бағишланган семинарда иштирок этди. Анжуманда ЖССТ вакиллари билан вилоятда давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, тадбирда А. Азизов жорий йил 1 июлдан вилоятнинг барча ҳудудларида давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилишини эслатиб, вилоят ва туман мутасаддиларига бу борада керакли маслаҳат ва тавсияларини берди.

Сўнг эса, ишчи гуруҳ ҳудудлардаги эмлаш жараёнлари билан танишди. Биринчи манзил Оқолтин тумани бўлди. У ердаги туман марказий кўп тармоқли поликлиникаси ва 16-сон оилавий поликлиникасидаги коронавирусга қарши оммавий эмлаш жараёнлари кузатилди. Эмлаш хонасида керакли барча тиббий жиҳозлар мавжудлиги ҳамда жараён санитария-гигиена қоидаларига мос равишда ўтказилаётгани назорат қилинди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимидаги пандемия шароитига тайёргарлик ҳолатини ҳам ўрганди.

Бўлимда 3 та СИПАП ва 2 та кислород концентратор соз ҳолатда, зарур дори-дармон заҳиралари мавжуд экани маълум бўлди.

Ишчи гуруҳ томонидан хатлов натижасида туманнинг 12 та маҳалласи аҳолисидан 3 837 нафарига амбулатор, 1 106 нафарига туман шифохоналарида, 32 нафарига вилоят шифохоналарида соғломлаштириш учун йўлланмалар берилгани ўрганилди.

Вазир ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сардоба, Мирзаобод туманларида ҳам бўлиб қайтишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

40
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech