Янгиликлар

34
Распечатать
05 Май 2021

Баҳодир Юсупалиев жиззахликлар учун сайёр қабул ўтказди

Жиззах шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиевнинг Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов тумани аҳолиси учун сайёр қабули ўтказилди.

Унда, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Озода Махмудова, даволаш ишлари бўйича бошлиқнинг биринчи ўринбосари Абдураззоқ Умурзоқов, вилоят тиббиёт муассасалари раҳбарлари ҳам иштирок этишди.

Сайёр қабулда 30 нафарга яқин фуқаронинг соғлиғи ва тиббиётга оид мурожаатлари тингланди.

– Биринчи гуруҳ ногирониман. Кўп йиллардан буён юрагим тез-тез безовта қилади. Бир неча марта даволандим, аммо фойдаси бўлмади, яхши жойларда даволаниш учун эса маблағим йўқ эди, – деди Жиззах шаҳридаги Обод маҳалласида яшовчи Рўзимурод Нурматов. – Вазир ўринбосари келишини эшитиб, қабулга келишим билан, биринчи гуруҳ ногирони бўлганлигим сабабли навбатсиз қабул қилишди. Баҳодир Юсупалиев мен билан очиқ ва самимий мулоқот қилди. Дардларимни тинглаб, менга бугуннинг ўзида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказига бепул даволанишим учун йўлланма берадиган бўлишди. Насиб қилса, эртадан даволанишни бошлайман. Қувончимнинг чеки йўқ. Инсон учун энг бебаҳо бойлик – бу соғлиқ экан. Менимча, фақат касал одамгина соғлиқни қадрини билади. Мана шундай савоб ишларни бошида турган, аввало, Президентимизга раҳмат, – дея миннатдорлик билдиради Рўзимурод ота.

Беморларнинг аҳволига қараб май-июнь ойлари давомида бепул даволаниш учун вилоят ва республика тиббиёт муассасаларига йўлланмалар тақдим этиладиган бўлди.

Жиззах вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати.

34
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech