Янгиликлар

63
Распечатать
22 Фев 2021

БРАЙЛ АЛИФБОСИДАГИ ЯНГИ КИТОБЛАР

Куни кеча Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан биргаликда Брайл алифбосида чоп этилган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуни, шунингдек, давлат тилидаги “БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси” ўқув қўлланмаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Джон МакГрегор сўзга чиқди, улар тадбир иштирокчиларини Брайл алифбосида нашр этилган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари”ги Қонуни, шунингдек давлат тилидаги “БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси” ўқув қўлланмаси билан таништирдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда биринчи марта Брайл алифбосида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси расмий нашри ҳамда 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги” Қонуни нашр этилди.

Ушбу нашрлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси кўмаги билан чоп этилганлиги алоҳида эътироф этилди.

Дарҳақиқат, инсонни эзгуликка етакловчи, юксак чўққиларга олиб чиқувчи нур китобдир. Мутолаа қилган инсондан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Айниқса, бугун юртимизда китобхонликка эътибор кучли. Бироқ орамизда шундай кишилар борки, улар муқовали китобни ўқий олмайди. Англаганингиздек, улар кўзи ожизлардир. Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар, аёллар ва кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.  Шуни ҳам қайд этиш жоизки, ҳозирги кунда кўзи ожизлар учун Республика Марказий кутубхонаси, 13 та вилоят кутубхоналари ҳамда туман (шаҳар)ларда уларнинг 119 та филиаллари фаолият юритмоқда. Ушбу кутубхоналарда эса 126 мингдан зиёд Брайль ёзувидаги китоблар мавжуд.

Конституциямизнинг IХ боби фуқароларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини кафолатлайди. Асосий Қонунимизнинг 14-моддасига биноан, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принсиплари асосида амалга оширади. Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш давлат фаолиятининг асосий мезонларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири имконияти чекланган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, шунингдек Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа фуқаролар билан тенг имкониятларни таъминлаш ҳисобланади.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини жамият ҳаётининг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларида ҳимоя қилиш асосида қандай вазият бўлишидан қатъи назар инсонни, шу жумладан ногиронлиги борлиги туфайли камситмаслик принципи ётади.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси ва тенглигини кафолатлайдиган бир қатор қонунлар қабул қилинди. Хусусан, 2020 йил                           15 октябрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари”ги Қонуни ногиронларнинг ҳуқуқларини белгилайдиган асосий қонунчилик ҳужжати ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу янги қонун ногиронлиги бўлган шахслар учун мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида ногиронлиги камситилмасдан, жамиятнинг бошқа аъзолари билан тенг равишда иштирок этишда катта имкониятлар яратади.

“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида замонавий усуллар ва халқаро стандартларни жорий этишга, БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг асосий қоидаларини амалга оширишга, шунингдек Барқарор ривожланиш мақсадларининг “Ҳеч кимни ортда қолдирманг” тамойилини амалга оширишга ёрдам беради.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар бошқармаси томонидан нашр килинган “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси” ўқув-услубий қўлланма Конвенциянинг асосий қоидалари, унинг ратификация қилиш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш жараёнлари тўғрисида асосий маълумотларни ўз ичига олади. Ушбу ўқув кўлланма ҳам Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия доирасида ўзбек тилида чоп этилди.

Брайл алифбосида нашр этилган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуни, шунингдек, давлат тилидаги “БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси” ўқув қўлланмаси мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва амалга оширишга хизмат қилади.

Тадбирда парламент аъзолари, ногиронлиги бўлган шахсларни ташкилотлари, давлат органлари, таълим муассаслари, фуқаролик жамияти институти, оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилотлар, ҳорижий давлатлар элчихоналар вакиллари, шунингдек Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигининг масъул ходимлари ҳам ўзларининг фикр ва мулоҳазалари билан фаол иштирок этдилар.

 

Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги

Матбуот хизмати.

63
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech