Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази инновацион технологиялар, илғор диагностика, даволаш, профилактика ва реабилитация усулларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш борасида самарали иш олиб бормоқда.
Муассаса 10 та клиник бўлимдан иборат. 178 ўринга мўлжалланган клиника, маслаҳат поликлиникаси, илмий кенгаш ва 14 та ҳудудий бўлинмага эга.
Шунингдек, унинг негизида 5 та бўлинмани ўз ичига олган йирик лаборатория бўлими ҳам мавжуд.
Мазкур тузилма таркибига гемостаз, клиник иммунология, клиник ва биокимёвий, бактериологик ҳамда цитология лабораториялари киради.
Бўлим замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, таҳлиллар:
серологик, микробиологик,
фермент билан боғлиқ иммуносорбент,
цитологик,
гистологик,
генетик,
диагностик усуллар орқали амалга оширилади.
— Ўтган йили цитология лабораторияси ташкил этилгач, хотин-қизлар ўртасида саратон касаллигининг олдини олиш ва унга эрта ташхис қўйиш борасида катта имкониятларга эга бўлдик, — дейди марказ директори, тиббиёт фанлари доктори Наталья Нодирхонова. — Бу ерда ўтказиладиган таҳлиллар орқали саратоннинг 12 турини аниқлаш мумкин.
Марказ лабораториясига ўрнатилган гематологик ва биокимёвий машиналар 28 та қон параметрларини аниқлашга мўлжалланган. Хусусан, бу ерда қандли диабетга эрта босқичда ташхис қўйиш имконияти мавжуд. Қолаверса, ҳомиланинг 24-28 ҳафтасида аёллар учун глюкосотолерант тестлар ҳам ўтказилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.