Янгиликлар

43
Распечатать
14 Сен 2021

ЧЕТ ЭЛ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИНИНГ ДИПЛОМИ, АВВАЛО, ЎША МАМЛАКАТНИНГ ЎЗИДА ТАН ОЛИНИШИ ЛОЗИМ

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг очиқ ташқи сиёсати ва қўшни давлатлар билан ўрнатилган яқин муносабатлар сабабли қўшни мамлакатларнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олиш истагида бўлган ёшлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати мазкур соҳага оид муҳим саволларга жавоб олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот котиби Шавкат ХЎЖАҚУЛОВга мурожаат қилди:

— Бугунги кунда юртимиз ёшлари қўшни мамлакатлардаги олий таълим муассасаларида асосан қайси йўналишлар бўйича таҳсил олмоқда?

— Олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида кейинги йилларда юртимизда олий ўқув юртларига қабул квоталари сезиларли даражада ортди. Бироқ тан олиш керак, бу қамров ҳали умумий эҳтиёжни қондириш учун етарли эмас.

Табиийки, бундай шароитда кўпчилик ёшлар олий маълумотли бўлиш учун хорижий давлатларда таҳсил олиш имконини излайди.

Айни пайтда Таълим инспекцияси бу каби юртдошларимизга ўрнатилган тартибда қонуний йўлларни таклиф қилиш билан бир қаторда абитуриентларни чет элга таълим олиш мақсадида бориб, алданиб қолмасликлари учун имкон қадар етарли маълумот беришга ҳаракат қилмоқда.

Қўшни мамлакатларга ўқиш учун бораётган ёшлар асосан педагогика ва тиббиёт йўналишларини танламоқда.

Шу билан бирга, муҳандислик, ишлов бериш, қурилиш, ҳуқуқшунослик йўналишида таълим олаётган ёшлар ҳам талайгина.

— Хорижий давлатдаги олий таълим муассасасининг дипломи қандай ҳолатларда Ўзбекистонда тан олинади?

— Аввало, ўқув юртининг олий таълим муассасаси сифатида фаолият юритишига рухсат берувчи ҳужжати, яъни лицензияси бўлиши лозим.

Шу билан бирга, таълим муассасаси томонидан бериладиган диплом ўзи жойлашган мамлакат ҳудудида тан олиниши шарт.

Бунинг учун эса олий таълим муассасаси ва унинг таълим дастурлари ваколатли органлар томонидан аккредитациядан ўтказилган бўлиши зарур.

Шунингдек, юртимизда амалдаги таълим тизимига мос равишда бакалавриат босқичида камида 3 йил, сиртқи таълимда камида 4 йил, магистратурада эса камида 1 йил муддат таълим олган талабгорларнинг дипломлари юртимизда тан олиниши муаммосиз ҳал этилади.

Бироқ хорижий таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган давлатда унинг эгасига Ўзбекистондагига қараганда таълим олиш ва (ёки) касбий фаолият билан шуғулланиш учун кам ҳуқуқлар берилган, бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги қўшиб ўқитиладиган таълим дастурлари бўйича таълим олганда умумий ўқиш даври уч йилдан кам бўлса, маълумот Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилмаган таълим шаклида олинган бўлса бундай ҳолларда хорижий олий таълим муассасаси дипломи мамлакатимизда тан олинмайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

43
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech