Янгиликлар

69
Распечатать
13 Окт 2021

Дунёдаги мавжуд ўлим кўрсаткичларининг 23 фоиздан ортиғи наркотиклар суистеъмоли билан боғлиқ!

Гиёҳвандлик аянчли иллатгина эмас, глобал офат ҳамдир. Чунки бугун айни шу хатар инсоният саломатлиги, тақдири ва ҳатто келажагига раҳна солиб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош наркологи, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Зарифжон АШУРОВ шу ҳақдаги фикр-мулоҳазалари билан ўртлоқлашди.

— БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликни назорат қилиш бошқармаси маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунё аҳолисининг 31 миллиондан ортиғи гиёҳванд модалар суистеъмоли туфайли жиддий касалликлардан азият чекади ва уларнинг аксарияти ёшлардир, — дейди Зарифжон Шарифович. — Ачинарлиси, ер юзидаги барча ўлимлар кўрсаткичининг 23 фоизидан ортиғи наркотиклар суистеъмоли билан боғлиқ.

Яна бир ўта оғриқли жиҳат: ушбу ўлимлар миқдорининг қарийб 5 фоизини 15-29 ёш оралиғидаги йигит-қизлар ташкил этмоқда. Мазкур кўрсаткичлар йилдан-йилга яшариб бораётгани эса бутун дунё аҳлини жиддий ташвишга солмоқда. Қолаверса, ёшлар орасида психостимуляторлар, янги синтетик гиёҳванд моддалар истеъмоли оммалашяпти.

Афсуски, бу борада Ўзбекистонда ҳам вазият яхши, деб бўлмайди. Жорий йилнинг 9 ойи якунларига кўра, 5 мингга яқин юртдошимиз гиёҳвандликка қарам кишилар ҳисобида турибди. Уларнинг 31 фоизини 20-40 ёшдагилар ташкил этади. Бундан ташқари, мазкур дардга мубтало бўлганларнинг 1,8 фоизида ОИВ инфекцияси аниқланган.

Албатта, ушбу глобал хавф кўлами кенгайиши унга қарши кураш самарадорлигини оширишни тақозо этаяпти. Шу мақсадда яқинда Ҳамдўстлик давлатларининг наркология соҳасида фаолият олиб борувчи етакчи мутахассислари Россия Федерацияси пойтахтида тўпланишди. Биз ҳам Ўзбекистон делегацияси таркибида ана шу тадбирда қатнашдик.

“Руҳий саломатлик: Келажакка назар” деб номланган мазкур VIII Миллий Конгресс ҳамда “Россия Федерацияси наркология хизматининг фаолият тажрибаси” мавзусидаги конференцияда наркология соҳасидаги муаммолар, уларнинг ечимлари, касалликни ташҳислаш, даволаш, олдини олиш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилишга доир янги ёндашувлар ҳақида илмий-амалий янгиликлар тақдим этилди.

Шу билан бирга, ташрифимиз доирасида хорижлик ҳамкасбларимиз билан фикр ва тажриба алмашдик. Якунда наркология марказимиз билан Москва шаҳри наркология илмий-амалий маркази ҳамда Бошқордистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2-сонли наркология диспансери ўртасида Меморандум, В.П. Сербский номидаги наркология ва психиатрия Миллий тиббий тадқиқот маркази билан эса келишув лойиҳаси имзоланди.

Шунга мувофиқ, келгусида ўзаро ҳамкорликда илмий тадқиқотлар, илмий-техник лойиҳалар ишлаб чиқилиб, рўёбга чиқарилиши кўзда тутилган. Бинобарин, илмий ходимларимизни Россияга ўқиш ва малака ошириш учун жўнатмоқчимиз. Қўшма илмий-амалий конференциялар, семинарлар, ишчи учрашувларини ўтказиш режалаштирилди.

Ўйлайманки, буларнинг барчаси Ўзбекистонда гиёҳвандлик тарқалишининг камайишига ва унга тобеъ бўлган беморлар самарали даволаниб, жамиятнинг тўлақонли соғлом аъзолари сафига қайтишига замин яратади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

69
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech