Янгиликлар

1367
Распечатать
03 Окт 2020

ЭМЛАШДАН КЕЙИН НИМАЛАРГА АҲАМИЯТ ҚАРАТИШ КЕРАК?

Тиббиёт фанлари доктори Инобат Аҳмедова билан суҳбат.

— Бола эмлангандан кейин ёш оналар қандай тавсияларга амал қилиши зарур? Эмлатишдан кейин иситма чиқиши хавфли эмасми?

— Ҳар бир бола ёшлигида оғир касалликларга чалинмаслиги учун қатор эмлашларни бошидан ўтказади. Эмлаш баъзи ҳолатларда реакция бериши ҳам мумкин. Аммо, у шифокорлар томонидан тўғри амалга оширилса, деярли салбий таъсирлари бўлмайди. Бунинг учун шифокорлар қатори ота-она ҳам боласини эмлашда қуйидаги қоидаларни билиши лозим:

болада шамоллаш аломати кечаётган бўлса, эмлаш мумкин эмас. Бола бутунлай тузалгандан сўнг, эмлашни амалга оширса бўлади;

эмлашлар орасидаги муддат камида 1 ой бўлиши керак;

эмлашдан олдин ва ундан бир неча кун кейин бола билан одамлар кўп тўпланган жойларга бормаслик тавсия этилади;

бир ёшгача бўлган болалар рационига эмлашдан бир неча кун олдин ва кейин янги маҳсулотларни киритиш мумкин эмас;

эмлаш даврида эмизишни давом этиш жуда муҳим;

болани эмлаётганингизда бола ва унинг оила аъзолари соғлом бўлиши керак;

эмлашдан сўнг болани камида бир кун давомида чўмилтирмаслик лозим.

— Қандай ҳолатларда болани эмлаш мумкин эмас?

— Агар болада олдин қайсидир эмлашга қаттиқ реакция бўлган бўлса, шу турдаги эмлашни олишдан олдин шифокорга болада бўлиб ўтган реакция ҳақида хабар беринг.

Шунингдек, болада иситма билан боғлиқ бўлмаган тутқаноқ ҳолати бўлган бўлса; эпилепсия касаллиги бўлса; бола касал бўлиб, иситмаси чиқаётган бўлса; болага юборилиши зарур бўлган вакцинанинг касаллиги юқиб бўлган бўлса; эмланишдан сўнг бола бошқа мамлакатга кетаётган бўлса эмлаш таъқиқланади.

Аҳамият беринг! Эмлашдан сўнг бола тана ҳарорати кўпи билан 38.5 даражагача кўтарилса, бу нормал реакция ҳисобланади. Болага кўп суюқлиқ ичириш тавсия этилади. Керак бўлса, иситма туширувчи сироп ичириш ҳам мумкин.

Эмлашга бўладиган реакция кўпи билан 2 кун давом этиши керак. Ундан ортиғи бошқа касаллик ёки аллергик ҳолат мавжудлигидан далолат бериши мумкин. Шунинг учун бундай ҳолларда шифокорга мурожаат қилиш талаб этилади.

— Агар болада яссиоёқлик бўлса, қачондан бошлаб, махсус оёқ кийимларни кийдириш ва қандай парваришлаш зарур?

— Аввало, тезроқ ортопед шифокорга мурожаат қилиш зарур. Яссиоёқлик қанча вақтли аниқланса, шунча яхши. Яссиоёқлик – бу оёқ панжаси гумбазининг ялпайиб, текис бўлиб қолишидир. Оёқ бўйига ёки энига ясси бўлиши мумкин, гоҳо ҳар икки белги бирга учрайди. Оёқ энига ясси бўлса, унинг таги энига ялпаяди, оғирлик эса оёқнинг 1 ва 5-бармоқларига тушмай, бармоқ тагига, кафт суякларининг бошчасига тушади. Оёқ бўйига қараб ясси бўлса, унинг таги ерга бир текис тегиб туради.

Болаларда учрайдиган яссиоёқликнинг олдини олиш учун уларнинг қадди-қоматига эътибор бериш, боши ва танасини тўғри тутишга ўргатиш лозим. Оёқнинг мускул ва бойламларини мустаҳкамлашда бадан-тарбия ва спорт билан шуғулланиш, шунингдек, ёзнинг иссиқ кунлари тупроқда ялангоёқ юришнинг фойдаси бор.

Болаларда яссиоёқлик жиддий муаммо ҳисобланади. Кичкинтойларда ушбу ҳолатнинг туғма кўринишини беш ёшгача аниқлаш қийинчилик туғдирганлиги сабабли шифокорлар профилактика мақсадида болаларнинг оёқ кийимига ортопедик мосламаларни солишни тавсия этишади. Бундай мосламалар боланинг ўсаётган оёғини тўғри шаклланишига ёрдам беради ва ясси оёқлик вужудга келишининг олдини олади.

— Яссиоёқликни қандай аниқлаш ва даволаш мумкин?

— Болани ялангоёқ юргизиш керак. У турли йўналишларда юриб кўриши лозим. Ота-оналар эса оёқчаларнинг ички қисмига эътибор бериб кузатишлари муҳим. Улар ерга деярли тегмаслиги керак. Камдан-кам ҳолатларда ясси оёқлик туғма бўлади. Одатда бола юра бошласа, нуқсон кўзга ташланади.

Ясси оёқликни компьютер подометрия (оёқ излари сурати) ёрдамида аниқлаш мумкин. Одатда соғлом оёқ ост қисмининг ички томони, умумий ост қисмнинг 3/2 қисмини ташкил этиши керак. Яссиоёқликда эса ушбу ички томон йўқ бўлади, бўлса ҳам жуда кам қисмни ташкил қилади.

Болаларда яссиоёқликнинг олдини олишни бола туғилган илк кунларидан бошлаш лозим. Бунда бола оёқларининг мушакларини мустаҳкамлаш зарур. Бунинг учун уқалаш, даволовчи гимнастика, махсус муолажалардан фойдаланилади. Болдир ва товон мушакларини уқалашни ота-оналарнинг ўзлари бажариши мумкин. Бунда болдир мушакларини бармоқлар билан уқалаш етарли. Боланинг товон мушакларини уқалаш учун бармоқ билан боланинг товонидан то оёқ бармоқларигача юргизиб чиқиш керак. Бундай уқалашларни кунига 2 маротаба (эрталаб ва кечқурун) 10 дақиқадан бажариш зарур.

Болаларда яссиоёқликни машқлар ёрдамида даволаш мумкин. Ушбу машқларни бола онанинг кузатуви остида бажариши лозим. Керакли машқларни ортопед-шифокор белгилайди ва машқларни бажаришда дастлаб шифокор ёрдам беради.

— Боланинг тўғри ривожланиши ва соғлом улғайиши учун ҳомиладорликда нималарга аҳамият қаратиш зарур?

— Биринчи навбатда, боланинг терисига жуда аҳамиятли бўлиш зарур. Дасталбки кунларда чақалоқ териси кўчиши мумкин Таркибида спирт бўлмаган ва болалар учун мўлжалланган косметологик воситаларни эҳтиёт бўлиб, фақат гўдак танасининг алоҳида жойларига ишлов бериш учун ишлатиш лозим. Лосьонни гўдакнинг юзи ва терисига суртмаслик керак.

Оналар ўзи ва гўдаги учун бир хил намлантирувчи воситалардан фойдалангани маъқул. Аҳамият қаратиш лозим бўлганларидан яна бири – бу унинг тирноқларидир. Гўдакларнинг тирноқлари нозик ва ўткир бўлиб, жуда тез ўсади. Шунинг учун уларни мунтазам равишда, ҳафтасига бир марта олиб туриш керак. Бунинг учун болалар қайчиси ёки юмшоқ аррача ишлатиш керак. Гўдак тирноғини у ухлаётган вақтда олишга ҳаракат қилган маъқул.

Ёш оналар учун тавсиялар:

Тик қуёш нурларидан ҳимоя қилинг!

Тик қуёш нурлари гўдак терисига салбий таъсир кўрсатиб, унинг соғлиғи билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Қуёш тиккага келганда гўдак сояда бўлишига ёки бошқа хонага олиб чиқишга ҳаракат қилинг. Аравача устидаги соябон, қалпоқча, узун енгли кўйлак ва иштончалар гўдагингизни қуёш нурларидан яхши ҳимоя қилади.

Ўраб-чирмаманг!

Гўдагингизга қулай ва иссиқ бўлиши учун унга катталарга нисбатан бир қават кўпроқ кийим кийдириш лозим. Ёзнинг энг иссиқ вақтларини мустасно қилганда гўдакнинг устида майкача, таглик, пижама бўлса кифоя. Фарзандингизга кийим нечоғли қулай эканлигини текшириб кўриш учун унинг қўл ва оёқларини ушлаб кўринг. Агар уларнинг териси совуқ бўлса, яна бир қават кийим кийдиринг, мабодо иссиқ бўлса, кийимини камайтиринг.

Тўғри чўмилтиринг!

Биринчи чўмилтириш жараёни безовталик, қийинчилик билан ўтиши, фарзандингиз йиғлаши мумкин. Лекин у бунга тез кўникиб, чўмилишдан роҳатлана бошлайди. Илк чўмилтириш учун сизга ёрдамчи зарур. Гўдакни иссиқ хонада чўмилтиринг, ёнингизда уни ўраш учун қуруқ сочиқ бўлсин. Сувнинг ҳароратини тирсагингиз билан текшириб кўринг, у ёқимли илиқ бўлиши керак. Энг муҳими, ҳамма вақт гўдакни бир қўлингиз билан ушлаб туринг ва ҳеч қачон бир ўзини ваннада қолдирманг. Узоқ чўмилтириш шарт эмас, кир ва кўчган териларни ювиб ташласангиз кифоя. Гўдак танасининг ҳамма қисмини навбатма-навбат, айниқса, териси кўчган жойларига эътибор берган ҳолда ювиб чиқинг. Қулоқ орқаларини, қўл ва оёқ бармоқ ораларини, қўлтиқ ости ва товонларини текшириб чиқинг. Бошдаги табиий ёғлар туфайли сочлар ёпишқоқ бўлиши мумкин. Шунинг учун бошни ювишда гўдак кўзини ачитмайдиган болалар шампунидан фойдаланинг. Гўдак совунли сувда ўтирмаслиги учун бошини чўмилишнинг охирида ювинг, юзи ва қўлларига совун сурманг.

Гўдак териси нега қизариб қолади?

Деярли барча гўдакларда орқаси ва сонларининг териси қизариши кузатилади. Буни даволашнинг энг яхши усули қизариш сабабини билиш ва бошқа бунга йўл қўймасликдир. Таглик дерматитининг сабаби қуйидагилардир: намлик туфайли терининг заифлашуви, энзимлар, яъни ахлат таркибидаги овқат ферментларининг таъсири, ахлат ва сийдик аралашувидаги аммиак таъсири.

Педиатрга қуйидаги ҳолларда мурожаат этинг!

Қизариш жуда кучли бўлса, бир неча кун мобайнида ўтиб кетмаса. Бундай ҳолларда гўдакда замбуруғли дерматит бўлиши мумкин ва уни махсус даволаш талаб этилади. Замбуруғли дерматитлар, одатда, бактерияларни ўлдирувчи антибиотиклар қабул қилингандан сўнг бошланишини эсдан чиқарманг.

Янги туғилган чақалоқнинг тана ҳарорати 35-37 градус бўлади. Вақт ўтиши билан унинг тана ҳарорати 36 градус атрофида бўлади. Чақалоқ яшайдиган хона ҳароратини 20 градус бўлишига аҳамият қаратиш керак.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

1367
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech