Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш бўйича тегишли қарори қабул қилинди.
Унга кўра, 2024 йил 1 январдан:
давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади;
онкогематологик касалликларга чалинган болалар учун гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиёти жорий этилади;
вирусли гепатитнинг “С” тури билан касалланган беморларни ҳамда гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси муолажасига муҳтож онкологик касалликларга чалинган болаларни тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаш йўлга қўйилади;
Тошкент шаҳрининг тиббиёт муассасаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ҳажми ва дори воситалари рўйхатини амалиётга киритишни назарда тутувчи давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади;
ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация ҳамда дори воситалари билан таъминлаш ишлари “ваучер” тизими асосида ташкил этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.