Янгиликлар

113
Распечатать
24 Ноя 2022

Халқаро конгресс: Молекуляр аллергология бизга қандай янги имкониятларни тақдим этмоқда?

Бугун пойтахтимизда аллерголог-клиник иммунологларнинг II халқаро конгресси иш бошлади. “Молекуляр аллергологиянинг ривожланиш даври” мавзусида ўтказилаётган ушбу тадбирда юртимиз ҳамда Россия, Австрия, Грузия, Аргентина, Қозоғистон каби қатор хорижий мамлакатлар олимлари иштирок этмоқда.

Хўш, бу нуфузли анжуманни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад нима?

 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё аҳолисининг 30-40 фоизи аллергик касалликлардан азият чекмоқда. Хусусан, ривожланган мамлакатларда ҳар уч кишидан бири аллергик ринит, ҳар ўн одамдан бири бронхиал астмага чалинган.

 Энг ёмони, кейинги ўн йилда дунё бўйича аллергик касалликлар кўрсаткичи 2 баробар ошган. Янада хавотирлиси, унинг ўта оғир кечувчи янги турлари ҳам кўпаймоқда. Бу экологик муаммолар, нотўғри овқатланиш, дори воситаларини ҳаддан ташқари кўп қабул қилиш, кам харакатлилик каби омиллар билан боғлиқ.

 Қолаверса, коронавирусга чалинганларни даволашда антибиотиклар, фермент ва гормон препаратлари, витаминлар, қон суюлтирувчи воситалардан кўп миқдорда фойдаланиш аллергик касалликларни авж олдириб юборди. Оқибатда анафилактик шок, токсикоаллергия, Лайелла ва Стивенс-Джонсон синдроми каби охири ўлим билан якун топадиган аллергик касалликлар кўпайди.

 Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Соғлиқни сақаш вазири ўринбосари Э.Баситханова, Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори И.Разикова ва бошқалар таъкидлаганидек, тиббиётнинг аллергология-клиник иммунология йўналишини ривожлантириш орқали бундай муаммоларга самарали ечим топиш мумкин.

 Бунинг учун тиббий профилактикани кучайтириш, соҳага доир янги технологияларни ўзлаштириш, илғор диагностика ва даволаш усулларини амалиётга татбиқ этиш зарур.

Молекуляр аллергология — ана шундай инновацион диагностика усулларидан бири. У аллергеннинг молекуляр компонентларини ўрганиб, таркибида кўп учрайдиган фаол мажор аллергенларни ва организмга тушгач, унга қарши ишлаб чиқарилган антитаначалар специфик иммуноглобулин Е миқдорини ҳар бир аллергенга нисбатан аниқлаб беради.

Бир вақтнинг ўзида бир томчи қондан 112 та специфик иммуноглобулинни таҳлил қилиш мумкин. Энг асосийси, бронхиал астманинг олдини олиш учун ўтказиладиган АСИТ самарадорлиги бор-йўқлигини тасдиқлайди.

 Анжуманда аллергологик хизмат, бронхиал астма, аллергик ринит ва молекуляр аллергологик ташхисот, дори аллергияси, атопик дерматитга оид долзарб муаммолар муҳокама қилинмоқда.

 Шунингдек, тадбирда илк бор молекуляр аллергологик диагностика бўйича маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилган.

Халқаро конгресс эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

113
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech