Янгиликлар

163
Распечатать
18 Окт 2021

Юртимизда биринчи маротаба Италия-Ўзбекистон оториноларингологларининг биргаликдаги конференцияси ўтказилди

Тошкент шаҳрида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент тиббиёт академияси ва Италия оториноларингологлари ассоциацияси томонидан "Оториноларингология бўйича биринчи ўзбек-италян конференцияси" бўлиб ўтди.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари, Тошкент тиббиёт академияси, оториноларингология бўйича бош мутахассислар, шу соҳада изланишлар олиб бораётган олимлар ва шифокорлар иштирок этди.

Анжуманда таъкидланишича, бугун мамлакатимизда дунё миқёсидаги муаммога айланиб улгурган ЛОР аъзолари касалликларини ташхислаш ва даволаш билан боғлиқ масалаларини бартараф қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бу билан мамлакатимизда:
ЛОР аъзолари касалликларини ташхислаш ва даволаш соҳасида фаолият юритаётган тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш,
замонавий ташхис усулларини жорий этиш,
ЛОР аъзолари касалликларининг олдини олиш борасида мўлжалланган қатор долзарб вазифалар белгиланган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолиси ўртасида ЛОР аъзолари касалликлари кенг тарқалган бўлиб, хусусан, уларнинг:

 29 фоиздан ортиғида сурункали йирингли синуситлар,

18 фоизида сурункали тонзиллит,

11 фоиздан зиёдида ижтимоий аҳамиятга эга бўлган эшитишнинг заифлашуви,

ҳар 1,5-2 минг нафар янги туғилган болаларнинг биттасида қулоқнинг туғма нуқсонларининг учраши қайд этилади (туғма нуқсонларнинг учраши бўйича дунёдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади).

Бундан ташқари, касалликлар орасида ҳаётга хавф соладиган, ногиронликка олиб келувчи қулоқ ва хиқилдоқнинг туғма ва орттирилган жиддий шаклларининг ортиб бориши кузатилмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, сўнгги ўн йил ичида Оториноларингология хизматининг илмий салоҳияти сезиларли даражада ривожланди. Жумладан, юртимизда оториноларингологлар сони қарийб 2,5 баробарга ошди.

Конференция доирасида ташкил этилган ялпи мажлис ва семинарларда ЛОР аъзолари касалликларини ташхислаш ва даволаш самарадорлигини оширишдаги муҳим масалалар ва уларнинг ечими, истиқболдаги режалар, хориж тажрибаси ва замонавий даволаш-профилактика усуллари муҳокама қилинди.

Анжуман давомида диагностика ва даволаш сифати стандартлари, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.

Конференциянинг биринчи кунида Италия олимлари томонидан ЛОР аъзолари касалликларини ташхислаш, даволаш ва олдини олиш, COVID-19 билан касалланган беморларда ЛОР аъзолари касалликлари каби муҳим мавзуларда маърузалар ва муҳокамалар ўтказилди.

Анжуман доирасида Ўзбекистонда биринчи маротаба уйқунинг обструктив апноэси синдроми (УОАС) бўйича ҳам маҳорат мактаби бўлиб ўтади. Унда икки мамлакат олимлари томонидан тажриба алмашилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

163
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech