Янгиликлар

98
Распечатать
15 Апр 2021

ЯНА 15 НАФАР ҚАШҚАДАРЁЛИК БОЛАНИНГ КЎЗЛАРИГА НУР БАҒИШЛАНДИ

“Кўнгил кўзи” акцияси доирасида вилоят кўз касалликлари шифохонасида Қарши шаҳридаги 18-махсус мактаб-интернатнинг бир гуруҳ ўқувчилари малакали мутахассислар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, жарроҳлик амалиётлари учун саралангани ва айримларида операциялар муваффақиятли тарзда амалга оширилгани ҳақида илгари хабар берган эдик. Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказида ана шундай болаларнинг яна 15 нафарида жарроҳлик амалиётлари ташкил этилди.

-Бемор болалар, уларнинг яқинлари, мактабдаги тарбиячилари ҳамда икки нафар шифокордан иборат жами 25 кишилик гуруҳнинг пойтахтга поездда бориб-келиши, тиббиёт марказидаги харажатлар акция ташкилотчилари томонидан қопланди,- дейди вилоят кўз касалликлари шифохонаси бош шифокори Иброҳим Очилов. – Операциялар марказ раҳбари, профессор Азамат Юсупов назоратида ташкил этилди. Айни пайтда болаларнинг саломатликлари яхши. Улар уйларида шифокорларимиз назоратига олинган.

-Ўғлим, Қарши шаҳридаги 18-махсус мактаб-интернатнинг 2-синф ўқувчиси Исломбек туғма катаракта сабабли ўзгалар кўмагисиз юра олмас эди, - дейди Қарши шаҳри Наво маҳалласида истиқомат қиладиган Фарида Бердиева. – Пойтахтдаги марказда икки кўзи ҳам замонавий ускуналар орқали мураккаб операция қилинди. Ҳозир атрофни озроқ бўлса-да, кўриб, ўзи мустақил юра олади. Икки ойдан сўнг яна олиб келишимизни айтишди. Уч кун давомида бизга шунча шароитларни яратиб берган ташкилотчиларга, қўли енгил ва моҳир шифокорларимизга катта раҳмат айтамиз.

Акция доирасидаги операциялар яна давом этади.

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.

98
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech