Янгиликлар

53
Распечатать
13 Май 2022

Янги Қонун: Қандай ҳолатларда тирик донордан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни олишга йўл қўйилади?

“Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида трансплантация учун тирик донордан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни олиш шартлари ҳам белгиланган.

Жумладан, мазкур ҳужжатнинг 12-моддасига мувофиқ:

тирик донордан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни трансплантация учун олиш фақат реципиентнинг соғлиғини кўзлаб ҳамда инсон мурдасида трансплантация учун яроқли бўлган аъзолар ва (ёки) тўқималар мавжуд бўлмаган ёхуд самарадорлиги инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси самарадорлиги билан таққосланиши мумкин бўлган муқобил даволаш усули мавжуд бўлмаган тақдирда амалга оширилиши мумкин.

 Тирик донорни ундан аъзосини ва (ёки) тўқималарини олиш учун розилик беришга мажбурлаш тақиқланади.

Тирик донордан жуфт аъзоларидан бири ва (ёки) аъзосининг бир қисми, шунингдек тўқимаси ушбу модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган талаблар ҳисобга олинган ҳолда трансплантация учун олиниши мумкин.

Тирик донордан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни олишга фақат, агар олиш пайтида тиббий хулосага кўра унинг соғлиғига кўриш, нутқ, эшитиш қобилияти йўқолишига ёхуд аъзосининг (бундан инсоннинг трансплантация қилинаётган аъзоси ва (ёки) тўқимаси мустасно) функциялари қисман ёки тўлиқ йўқолишига, руҳияти бузилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган тарзда ёки соғлиғининг меҳнат қобилияти ўттиз уч фоиздан ортиқ тарзда барқарор йўқолишига олиб келадиган бошқа бузилишига сабаб бўладиган тарзда зиён етказилмаса, йўл қўйилади.

Тирик донордан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни реципиентга трансплантация қилиш учун олишга, агар донор:

 аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш бўйича бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида камида ўттиз кун олдин ёзма шаклда, видеоёзувга қайд этган ҳолда огоҳлантирилган бўлса;

 ўз аъзосини ва (ёки) тўқималарини олишга бўлган розилигини ихтиёрий равишда, бепул асосда, нотариал тартибда тасдиқланган ёзма шаклда билдирган бўлса;

 ҳар тарафлама тиббий текширувдан ўтган бўлса ҳамда унинг аъзосини ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш учун олиш мумкинлиги тўғрисида мутахассис-шифокорларнинг тиббий хулосаси мавжуд бўлса, йўл қўйилади.

 Тирик донорни ҳар тарафлама тиббий текширувдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

53
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech