Янгиликлар

34
Распечатать
04 Май 2021

Юртимизда коронавирусга чалиниш ва касалликка қарши эмланиш нисбати қандай?

Мана, бир ойдирки, юртимизда вакцинация жараёнлари давом этмоқда. Аммо, таассуфки, касаллик қайд этилиш бўйича антирекордлар ҳам қайта-қайта янгиланиб турибди. Бунга аҳоли орасида карантин тартибларига беписанд бўлиш ҳолатлари асосий сабаб бўлмоқда.

Масалан, 1 апрель куни:
5018 нафар фуқаро эмланган,
мамлакатимизда 189 та янги касалланиш ҳолати қайд этилиб, жами касалланганлар сони 83 239 нафарга етган.

30 апрелда эса:
эмланиш кўрсаткичи 797 781 нафарга етган,
442 та янги касалланиш аниқланиб, умумий касалланиш кўрсаткичи 91 250 нафарга етган.

Эътибор беринг, қарийб бир ой давомида 800 минг нафарга яқин аҳоли касалликка қарши эмланган, 8 минг нафардан ортиқ фуқаро касалликка йўлиққан. Бу ҳар 100 та эмланиш ҳолатига 1 та касалланиш ҳолати тўғри келяпти дегани. Таъкидлаш лозимки, ҳали вирусга қарши вакцина олган ҳеч бир фуқарода коронавирус билан касалланиш ҳолати аниқланмади. Шундай экан, ҳамюртларимиз вакцинация жараёнларида фаол бўлишлари касаллик тарқалишини тўхтатишнинг асосий омили бўлиши мумкин.

Таъкидлаш лозимки, ой охирига келиб хавф ости гуруҳига киритилган аҳолининг 25,3 фоиз қисми коронавирусга қарши эмланди. Уларнинг нисбати қуйидагича:

65 ёш ва ундан катта фуқаролар — 350 263 нафар;
тиббиёт ходимлари — 265 217 нафар;
мактаб ўқитувчилари — 117 384 нафар;
мактабгача таълим муассасалари ходимлари — 36 699 нафар;
сурункали касаллиги бор фуқаролар — 28 218 нафар.

Ҳурматли юртдошлар, касаллик тарқалишининг олдини олишнинг икки чораси бор: карантин тартибларига амал қилиш ва эмланиш. Агар шу икки чорани бирдек ишга солсак, коронавирусни енгиб чиқишимиз эҳтимоли икки карра ошган бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

34
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech