Янгиликлар

45
Распечатать
15 Сен 2021

ЮРТИМИЗДА ПАТРОНАЖНИНГ “ХОНАДОНГА ТАШРИФЛАР”НИ ЎЗ ИЧИГА ОЛУВЧИ ЯНГИ МОДЕЛИ ҲАЁТГА ТАТБИҚ ЭТИЛМОҚДА (1-қисм)

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда патронаж хизмати муҳим ўрин тутади. Айниқса, ҳомиладор аёллар ва ёш болали оилаларда соғлом муҳитни шакллантиришда ушбу механизмнинг ўрни беқиёс.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати Тошкент педиатрия тиббиёт институти бўлим бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Cевара УБАЙДУЛЛАЕВАга мазкур соҳага доир бир неча саволлар билан мурожаат қилди:

— Бугунги кунда тиббиётнинг бирламчи бўғини, хусусан, патронаж хизматидаги ислоҳотлар қандай қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилмоқда?

— Маълумки, ўтган йили мамлакатимиз тиббиёт тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир Президентимизнинг бир қатор Фармон ва қарорлари эълон қилинди. Ушбу меъёрий ҳужжатларда энг асосий урғу бирламчи тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилди.

Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, бирламчи тиббиёт муассасалари қайта номланиб, фаолияти янгича кўриниш касб этди. Оилавий шифокор пункти ва оилавий поликлиникалар қошида “тиббиёт бригада”лари фаолияти ташкил этилди.

Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг ўтган йили эълон қилинган “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан ҳомиладор ва туғруқдан кейинги даврдаги аёллар ҳамда 5 ёшгача болалари бор оилаларга алоҳида патронаж ҳамшираси бириктирилиши, мамлакатимизда босқичма-босқич патронажнинг универсал-прогрессив модели жорий этилиши кўзда тутилган.

— Патронажнинг универсал-прогрессив модели қандай тизим? Шу ҳақида маълумот берсангиз.

— Ҳомиладорлар, чилла давридаги аёллар ва илк ёшдаги болаларга патронаж хизмати кўрсатишнинг 3 та асосий модели бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз афзалликларига эга.

Булар:
– универсал (умумий) модель — барча илк ёшдаги болаларни, ҳомиладор ва туққан аёлларни патронаж кузатуви билан қамраб олади ва уларнинг маълум ёш ҳамда ҳолатларида зарурий ташрифларини амалга оширади;

– прогрессив (мақсадли) модель — алоҳида эҳтиёжларга муҳтож бўлган тиббий ёки руҳий-ижтимоий хавфи юқори бўлганларни патронаж кузатувига олади;

– универсал-прогрессив (аралаш) модель — “хонадонга ташрифлар”ни ўз ичига олувчи аралаш усул бўлиб, у универсал ва мақсадли моделларнинг афзалликларини бирлаштиради, чекловларни енгиб ўтиб, самарасини оширади.

Бугунги кунда мамлакатимизда учинчи — патронажнинг универсал-прогрессив тизими ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

45
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech