Янгиликлар

102
Распечатать
23 Мар 2021

Юртимизнинг етакчи илмий маркази Германиянинг нуфузли клиникалари билан ҳамкорликни бошлади

Аввал ҳабар берганимиздек, юртимизда Европанинг машҳур Роберт Кох институти ҳамда Шарите клиникаси вакилларидан иборат Германия делегацияси бўлиб турибди.

Ушбу ташриф давомида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Шарите университет клиникаси ўртасида телемедицина соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

— Ўзбекистонга ташриф буюриш имконияти туғилганидан хурсандмиз, — деди Шарите университет клиникаси директори ўринбосари Йохим Зайболд. — Клиникамиз раҳбарияти мамлакатингиз билан ҳамкорлик ўрнатилишига катта эътибор қаратади.

Даставвал телемедицина соҳасида ҳамкорлик ўрнатишни режалаштирганмиз. Яъни Германиянинг 34 та тиббиёт муассасасини бирлаштирган телемедицина марказимиз энди халқаро даражага чиқади, бунда Ўзбекистон биринчи мамлакат сифатида танлаб олинди. Яъни давлатингиз биз технологияларимизни киритаётган биринчи мамлакат эканини ҳисобга олсак, бу ҳамкорлик ўзига хос тарихий аҳамиятга эгадир.

Таъкидлаш жоизки, Шарите университети клиникаси Германиянинг энг яхши тиббиёт муассасалари рейтингида 1-ўринда туради, шунингдек, у Европадаги энг йирик ва етакчи тиббиёт мажмуаларидан бири ҳисобланади. У замонавий диагностика ва даволашни, амалиётчи шифокорлар ва илмий ходимларни ўқитишни амалга оширади. Ушбу тиббиёт муассасаси ўта мураккаб клиник ҳолатларни даволашда ажойиб тажрибага эга.

Германиядаги тиббиёт ва физиология бўйича Нобел мукофоти лауреатларининг ярмидан кўпи айнан шу клиникада таҳсил олган ва ишлаган, масалан, Эмил фон Беринг, Роберт Кох ва Паул Эрлих.

Реаниматолог, инфекционист, ахборот технологиялари соҳаси мутахассисларидан иборат клиника вакиллари юртимизнинг бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам бўлиб, яратилган шароитлар билан танишмоқда ва шифокорларимиз билан тажриба алмашмоқда.

Меморандум имзолаш маросимида германиялик мутахассислар кўп йиллик ҳамкорлик учун асос солинганини айтиб, келгусида бошқа йўналишларда ҳам мамлакатимиз тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

102
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech