Янгиликлар

23
Распечатать
23 Фев 2021

КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ СИЁСАТ КУЧЛИ ЖАМИЯТНИНГ АСОСИ

Барчамизга маълумки, Президентимиз Наманган вилоятидаги ташрифлари давомида Наманган шаҳрида жойлашган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги тасарруфидаги  “Саховат” кекса ва ногиронлиги бўлган шахслар интернат уйида истиқомат қилаётган фуқаролар билан самимий мулоқотда бўлдилар. Мазкур бино 1982 йилда қурилган бўлиб, “Саховат” уйи сифатида фойдаланиб келинмоқда. Айни пайтда бу даргоҳда 14 нафар якка ёлғиз, ногиронлиги бўлган фуқаролар тўлиқ давлат таъминотига олинган. Уларга 34 нафар ходим хизмат кўрсатмоқда. Лекин, қарийб тўрт йилдан буён бу даргоҳда яшовчиларни Фарғона вилоятидаги шундай муассасага кўчириш хусусида турли хилдаги гап-сўзлар бўлаётган эди.

Ўз-ўзига хизмат кўрсатолмай, ўзгалар кўмагига муҳтож, кўнгли ўксик, қувончлардан бебаҳра, ҳаракати чекланган, аҳил оила бўлиб, ҳамжиҳат, ўзаро меҳр-оқибатли бўлиб  яшаётган  кишилар эса Президентга мактуб йўллаб, шу уйда қолишни сўраганди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар ҳукуматимизнинг диққат эътиборида.   Давлатимиз раҳбарининг муассасага ташрифидан васийликка олинганларнинг боши осмонга етди. Боиси, уларни қийнаб келаётган муаммолар ижобий ҳал этиладиган бўлди. Президентимиз суҳбат жараёнида “Саховат” уйларига эҳтиёжи бўлган нуронийлардан жуда кўп хатлар келишини таъкидладилар. Шуларни инобатга олиб, ижтимоий ҳимояни кучайтирамиз, тўрт ой ичида “Саховат” уйи учун янги бино қуриб берилади. Сизлар муносиб шароитларда яшайсиз, даволанасиз, – деди.

Бу мулоҳазалардан нуронийларимиз миннатдор бўлишди. Бўлиб ўтган мазкур мулоқот мамлакатимизда ижтимоий ҳимояталаб кишиларга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги ифодасидир. Кексаларни эъзозлаш, ёрдамга муҳтож, якка-ёлғиз ҳамда ёлғизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, давлатимизнинг устувор сиёсатига айланган. Суҳбат давомида айтилган фикрлар миллатимизнинг азалий қадриятларидан саналган нуроний отахон ҳамда онахонларни эъзозлаш, ҳурматини янада юксак даражаларга кўтаришдек, масъулиятли ва шарафли вазифаларни кун тартибига қўйди.   

Шунингдек, Наманган “Саховат” кекса ва ногиронлиги бўлган шахслар интернат уйига Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси ўринбосари Қ. Қуронбоев, Ёшлар ишлари агентлиги Марказий аппарати директори А. Саъдуллаев, вилоят ҳокими Ш.Абдураззақов келиб, васийликка олинганларнинг ҳолидан хабар олишди. Президентимизнинг совғаларини топширишди. Маскандаги инсонларга улар ёлғиз эмасликларини, мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар, яратилаётган қулайликлар, имкониятлар, тўғрисида сўз юритишди. Давлатимиз раҳбари томонидан кексаларга кўрсатилаётган эҳтиром бардавом бўлишини, Наманган шаҳрининг “Орзу” маҳалласида янги “Саховат” уйи қуриб битказилишини, тўрт ойдан кейин кўчиб ўтишларини айтишди.  

 Бу эса ўз навбатида, Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигининг ҳам зиммасига долзарб, муҳим вазифалар юклатилганлигидан далолатдир. Шундай экан, Агентликнинг ишчи-ходимлари ҳам қатор ташкилотлар билан елкадош бўлиб, эзгу ғоя, эзгу интилишлар сари бирлашиб, давлат раҳбари томонидан билдирилган ишончни оқлашга ва янги “Саховат” интернат уйининг янги биносини тезкорлик билан бунёд этишга киришади.

Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда интернат уйига қабул жараёнлари ва интернат уйида давлат таъминотига олинган шахсларнинг автоматлашган ягона маълумотлар базасини яратилади. Мазкур интернат уйига расмийлаштиришда фуқаро билан хизмат кўрсатувчининг бевосита мулоқотини кескин камайтириш, бу жараёнларни босқичма-босқич электрон ҳужжат алмашинуви, онлайн режимда Ягона давлат хизматлари тизими орқали амалга оширилади. Муассасада тўлиқ давлат таъминотига олинган кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар томонлама ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш, парвариш қилиш бўйича манзилли чора-тадбирлар амалга оширилади. 

Ўрни келганда таъкидлаш жоизки, Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги тизимида меҳнат қилаётган қай бир ходим билан суҳбатлашманг, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож одамларнинг турмуши, ҳаёт даражасини юксалтиришга қаратилаётган лойиҳалар, ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган кўмакларни янада такомиллаштириш борасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ижро этилаётгани, “Саховат” ва “Мурувват” интернат-уйлари, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва  меҳнат фахрийлари учун санаторийлари, реабилитация марказларидаги ўзгаришлар, янгиланишлар, қурилиш, бунёдкорлик ишлари ҳақида фахр билан, тўлқинланиб гапиришади.

Жумладан, Қарши шаҳридаги “Қарши”, Урганч шаҳридаги “Урганч” санаторийларнинг моддий техник базасини яхшиланиб, уларнинг ҳар бирида етарлича тиббий асбоб-анжомлар, ускуналар ўрнатилган. Ана шундай санаторийларнинг яна бири яқинда Бухоро вилоятида ўз фаолиятини бошлаш арафасида. 4 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларни қабул қилишга мўлжалланган, 150 ўринли Қумқўрғон “Мурувват” болалар интернат уйи фойдаланишга топширилди. Ушбу масканда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига 15,5 млрд. сўмлик давлат бюджети маблағ сарфланди.

2000 йилдан буён умуман капитал реконструкция ишлари амалга оширилмаган,  анча таъмирталаб аҳволга келиб қолган 300 ўринга мўлжалланган Қўқон “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июндаги “Тиббий ижтимоий муассасалар моддий техника базасини ривожлантиришга доир кўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2020-2021 йилларда қурилиш реконструкция қилиш дастурига киритилган. Натижада жорий йилнинг бошида ушбу масканнинг янги биноси фойдаланишга топширилди. Кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда нуронийларнинг дуолари билан бошланган мазкур икки қаватли, 80 ўринга мўлжалланган бинони бунёд этиш учун 4,5 млрд. Сўмлик давлат бюджети маблағи сарф этилди. Ҳукуматимиз томонидан қурилиш тармоқларини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли тиббий-ижтимоий муассасаларда бир йилда амалга оширилган қурилиш реконструкция ишларининг ҳажми 47,6 млрд. сўмдан 91,9 млрд. сўмгача бўлган маблағни ташкил этмоқда. Мамлакатимиз тараққиёти йўлида кечани кеча, кундузни кундуз демасдан меҳнат қилаётган қурувчиларимизнинг фидокорона хизматлари ҳам алоҳида эътирофга лойиқ.

Бинобарин, кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, имконияти чекланган кишиларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари ҳимояси Конституциямиз ҳамда унинг негизидаги қатор ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топган. Ушбу қатлам вакилларини ҳурмат қилган, эъзозлаган жамиятнинг эса келажаги албатта, порлоқ бўлади.

Зеро, қонун, қарор, фармонларнинг барчаси миллатнинг йўлини ёритувчи чироқ ҳисобланади. Ижтимоий мувозанатни сақлаш ва ижтимоий адолат принципини қарор топтиради. Элу-юртга фидойи хизмат қилиш инсон умрининг ҳақиқий безагидир.

 

Анвар Қобилов,

Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги

Матбуот хизмати раҳбари

23
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech