Янгиликлар

112
Распечатать
18 Июл 2021

КЎЗ КАСАЛЛИКЛАРИНИНГ ҚАНДАЙ ТУРИ АҲОЛИ ОРАСИДА КЎП УЧРАЙДИ?

Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов билан суҳбат (2-қисм).

– Ҳозирда кўз касалликларининг қайси турлари аҳоли орасида кўпроқ учрамоқда ва бунинг сабаби нимада?

– Ҳозирги вақтда аллергик ва вирусли конъюнктивитлар ҳамда компьютер синдроми каби кўз касалликлари кўпайган. Аксарият ҳолларда ушбу касалликларга гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, дори воситаларини шифокор маслаҳатисиз уй шароитида қабул қилиш ҳамда ўз вақтида шифокорга мурожаат этмаслик оқибатида келиб чиқади.

Жумладан, дори воситаларининг нотўғри ишлатилиши аллергик асоратларга олиб келиши ва касалликни оғирлаштириши мумкин. Масофавий иш кўпайиши натижасида компьютерда узоқ вақт ишлаш ҳам кўриш ўткирлигига зарар етказиши мумкин.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун кўз машқларини мунтазам қилиб бориш, компьютерда ишлаганда ҳар 20 дақиқада 20 сонияга узоққа қараб кўзларга дам бериш лозим бўлади.

– Одамлар орасида кенг тарқалган кўз касалликларидан қандай сақланиш мумкин?

– Аҳоли орасида кенг тарқалган ва оғир асоратларга олиб келадиган кўз касалликларининг олдини олиш учун, албатта, йилига бир марта тиббий текширувдан ўтиб туриш керак.

Наслида кўз касалликлари мавжуд бўлган инсонлар эса 35 ёшдан сўнг йилига 2 маротаба кўзларини текширтириб туриши талаб этилади. Шундагина касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш мумкин.

Мисол учун, ёшлигида глаукома касаллиги бошланиши билан шифохонамизга мурожаат этган, ҳозирда ўз фарзанд ва набираларини ҳам текширувга бирга олиб келадиган, кўриш ўткирлиги яхши сақланган беморларимиз бор. Ва аксинча, кўриш ўткирлиги анча пасайганда мурожаат этган беморлар ҳам бор. Уларда кўриш нерви қайтариб бўлмас ўзгаришларга учраган. Афсуски, бундай оғир ҳолатлар кам эмас. Шу боис, кўриш ўткирлиги пасайишини кутмасдан ўз соғлиғингизга ёшликдан эътиборли бўлишингизни тавсия қиламиз.

– Кўз касалликлари кўпроқ қандай омилларга боғлиқ? Кўз хасталикларига чалинмаслик учун нималарга эътибор бериш лозим?

– Кўз касалликлари ичида наслга, ёшга, жинсига боғлиқ бўлганлари ҳам, боғлиқ бўлмаганлари ҳам мавжуд. Мисол учун, миопия ёки глаукомада наслий фактор муҳим аҳамиятга эга. Инфекцион кўз касалликларининг эса наслга боғлиқлик жойи йўқ.

Кўз касалликларидан сақланиш учун, аввало, гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш ҳамда ҳозирги ахборот технологиялари даврида урфга айланган смартфон, планшет ҳамда компьютер воситаларидан фойдаланишда меъёрга риоя этиш лозим. Шунингдек, ўз вақтида кўзларни текширтириб туриш ҳамда дори воситаларини ўз билганича эмас, фақатгина шифокор тавсияси бўйича фойдаланиш тавсия этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

112
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech