Янгиликлар

18
Распечатать
23 Фев 2021

МАЛАКАЛИ ГЕМАТОЛОГЛАР ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНЛИК ҲАМКАСБЛАРИГА АМАЛИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШДИ

Гематология соҳасининг айни пайтдаги энг асосий вазифаси аҳолига кўрсатилаётган гемотологик хизмат сифатини яхшилаш ва беморларга турли таъминот даражасида ёрдам беришдан иборат. Шунинг учун ҳозирда бутун дунёда долзарб бўлиб турган онкогематологик, яъни оқ қон касаллигини ташхислаш ва даволашда энг юқори технологик усулларни қўллаш бўйича Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ушбу методларни ҳаётга, тажрибага татбиқ этиш режаси тузилган.

Мазкур муносабат билан Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари Қорақалпоғистон Республикасида бўлишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош гематологи Ҳамида Казакбаева, Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий маркази директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Азиза Махмудова, мазкур марказнинг илмий ишлар бўйича мутахассиси Ирина Сергеева ва "Гемофилия" фондининг Ўзбекистондаги фаол волонтёрлари Нукус шаҳридаги У. Холмуродов номидаги Республика кўп тармоқли тиббиёт марказининг Гематология бўлимига келиб, бу ерда даволанаётган беморларни тиббий текширувдан ўтказишди ва ташхислари билан танишди.

Қорақалпоғистон Республикасидаги 84 нафар сурункали миелолейкоз ташхиси билан оғриган беморлар халқаро ҳайрия йўналишидаги дори-дармонлар билан 100 фоиз таъминланди. Бу дориларнинг афзаллиги шундаки, бемор уларни уй шароитида оиласидан, иш жойидан ажралмаган ҳолатда қабул қилиши мумкин. Дорини ичиш режимлари бўйича маҳаллий шифокорлар ва беморлар билан уч кун давомида семинар-тренинглар ўтилади.

Шунингдек, лабораторияда молекуляр-генетик таҳлиллар билан ишлайдиган маҳаллий врач-лаборантларнинг рўйхати тузилиб, уларни мазкур йилнинг оҳирига қадар Республика ихтисослаштирилган гемотология илмий-амалий тиббиёт марказида юқори технологик генетик усулда тахлиллар қиладиган мутахассислар сифатида тайёрлаш ва малакасини ошириш режалаштирилган.

Албатта, Қорақалпоғистонда гематология соҳасида амалга оширилаётган мана шундай чора-тадбирлар натижасида сурункали миелолейкоз ташхиси билан оғриган беморлар тез кунларда ремиссия, яъни яхшиланиш ҳолатига ўтади ва ҳаётида яна яхши кунлар бошланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.

18
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech