Янгиликлар

45
Распечатать
13 Окт 2021

МАМЛАКАТИМИЗДА ПРОФИЛАКТИКА ВА СОҒЛОМЛАШТИРИШ КУНЛАРИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан жорий йилнинг 4 октябридан 20 октябригача Профилактика ва соғломлаштириш кунларига старт берилди.

2021 йилда ялпи хатлов натижасида аҳолининг саломатлик ҳолатини ўрганиш амалиёти илк бора ўтказилди, саломатлик ҳолати ва касалланиш даражасидан келиб чиқиб, аҳоли 4 та хавф гуруҳларига таснифлангани ҳақида хабар бериб борган эдик.

Бунда саломатлигидан шикоят бўлмаган, соғлом турмуш тарзи тамойилларига риоя қилувчи аҳоли 1-гуруҳга, амалда соғлом бўлса-да, турли хил касалликлар хавф омиллари бўлган, тез-тез касал бўлувчи аҳоли 2-гуруҳга, сурункали касалликларга чалинган, лекин уларнинг асоратлари намоён бўлмаганлар 3-гуруҳга ҳамда сурункали касалликлар асоратлари бор, ногирон ва ўзгалар парваришига муҳтож аҳоли 4-гуруҳга таснифланди.

Ҳар бир гуруҳ вакиллари учун индивидуал тарзда оила шифокори ёки заруратга кўра, тор соҳа мутахассисларининг назорати, соғломлаштириш ва реабилитация режалари махсус стандартларга мувофиқ белгиланди.

Бошланган ушбу профилактика ва соғломлаштириш ҳафталигини ўтказишдан асосий мақсад, пандемия ҳолати енгиллашган даврда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича индивидуал ва оммавий тадбирларни янада жадаллаштириш, беморлар ҳолидан хабар олиш ва уларни яшаш жойларида ихтисослаштирилган амбулатор ва стационар ёрдам олишларини таъминлаш ҳамда йил давомида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилишдан иборат.

Амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, жойлардаги раҳбарлар ва тиббий ходимларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова ва Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қуллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бўлди.

Шу йилнинг 7-9 октябрь кунлари бўлган ушбу хизмат сафари давомида ҳудудлардаги мавжуд муаммоларнинг ечимларини ўз жойида ҳал қилиш ва режалаштирилган тадбирларни ҳамкорликда амалга ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари М. Жуманов билан учрашув бўлиб ўтди.

Шунингдек, Қўнғирот ва Чимбой туманларида тиббиёт ходимлари билан суҳбатлар ўтказилиб, маҳаллаларда амалга оширилган ишлар билан танишилди ва уйда ётиб қолган беморлар ҳолидан хабар олинди. Уларга тегишли мутахассислар консилиуми ўтказилди ва маслаҳатлар берилди.

Элмира Баситхонова бошчилигида Хоразм вилоятининг Боғот ва Янгибозор туман тиббиёт бирлашмаларида ташкил қилинган ҳудудий семинарларда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари мутасаддилари, бирламчи тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирокида профилактика ва соғломлаштириш кунларида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Учрашувлар давомида ҳудудларда ташкил қилинган туманлараро перинатал марказлар ва кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги "Аёллар маслаҳатхонаси" бўлими, "Қизлар саломатлиги маркази” ,“Она ва бола кластери” , "онко-назорат" хонаси, болалар бўлими фаолиятлари ҳам ўрганилиб, янги вазифалар белгиланди.

Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил қилинган “Саломатлик мактаби” фаолияти ҳам ўрганилди. Бунда МФЙ идорасидаги “Саломатлик бурчаги” ҳолати, маҳалланинг тиббий бригадаси томонидан аҳолининг 1- ва 2- гуруҳлар билан ишлаш жараёнлари, 3- ва 4-гуруҳ фуқаролари билан ишлаш ҳолати таҳлил қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

45
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech