Янгиликлар

87
Распечатать
19 Янв 2021

МАҚСАД — КАСАЛЛИКНИ ЭРТА АНИҚЛАШ ВА ДАВОЛАШ САМАРАДОРЛИГИНИ ЯНАДА ОШИРИШ

Академик Ёрқин Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштириган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг бир гуруҳ мутахассислари Наманган вилоятига ташриф буюришди.

Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулходи Иминовнинг қабулида бўлиб, марказ жамоасининг 2021 йилги режалари билан таништиришди. Ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар келишиб олинди.

Йилнинг биринчи ташрифи доирасида икки кунлик фаолият ғоят самарали кечди. Марказ директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Замира Ҳалимова, қалқонсимон без касалликлари бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Гулчеҳра Наримова, диабетдаги йирингли асоратлар бўлими мутахассиси Ҳамидулла Шокиров Наманган эндокринология диспансери шифокорлари учун маҳорат дарсларини ўтказишди. Унда эндокринологиянинг долзарб муаммоларига муваффақиятли ечимлар топиш борасидаги илм-фан ютуқлари, даволаш услублари ҳақида гап борди. Албатта, назарий янгиликлар тарғиботи билангина кифояланиб қолинмади.

Диспансерда даволанаётган ва поликлиникада кўрикдан ўтиш учун келганлардан аксариятига пойтахтлик олим-шифокорларнинг кузатувидан ўтишлари учун қулай имкониятлар яратиб берилди.

Худди шундай тадбирлар Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплексида ҳам уюштирилди. Шифокорларга маҳорат сабоғи ташкиллаштирилиб, бемор аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларга эндокринологик хасталикларнинг олдини олиш омиллари тушунтирилди.

Пойтахтлик мутахассисларнинг Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмасига боришлари эндокрин касалликлардан даволанаётганлар учун айни муддао бўлди. Айниқса, оғир дарддан озор чекаётганлар чуқур тиббий текширувдан ўтказилди. Даволашнинг энг мақбул йўллари бўйича эндокринолог врачларга янги илмий хулосалар етказилди. Беморлар билан эса даволанишнинг ўзи билан боғлиқ муҳим жиҳатлари хусусида ошкора ва таъсирчан мулоқотлар ташкиллаштирилди.

Энг эътиборлиси, меҳмонларнинг сафари марказий шифохонада ниҳоя топмади. Улар ўз соҳаларига дахлдор хасталиклардан қийналаётган кишиларнинг хонадонларига ҳам кириб боришди.

— Аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилган тиббий ислоҳотлар халқимизда хизматимиздан ризолик кайфиятини уйғотмоқда, — дейди Гулчеҳра Наримова. — Президентимизнинг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги меҳанизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ўтказилган хатлов бизларга ҳам ғоят қулайлик туғдирди. Энди бемор излаб ўтирилмайди. Уларнинг кимлигиям, манзилиям аниқ. Чунки ҳамма яқинда антропометриядан ўтказилган. Қайси хонадонларда эндокрин хасталикларга чалинганларнинг борлиги маълум, кузатувга ҳам олинган. Биз ана шундай беморларнинг уйларига кирдик. Ҳолатларини синчиклаб кўрдик, зарур тавсиялар ва маслаҳатлар бердик. 6 нафар беморда жарроҳлик амалиётлари ўтказдик.

— Пойтахтлик олим-шифокорлар эртага ҳам Наманганда ўз фаолиятларини давом эттиришади. Улардан умидимиз катта. Негаки, ҳамкорликда ҳикмат кўп. Меҳмонларнинг беминнат кўмагидан беҳад хурсандмиз, — дейди диспансер бош врачи, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати.

87
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech