Янгиликлар

163
Распечатать
18 Окт 2021

МЕТАБОЛИК СИНДРОМ – НОГИРОНЛИК ВА ЎЛИМГА ОЛИБ КЕЛУВЧИ ЭНГ АСОСИЙ ОМИЛЛАРДАН БИРИДИР

Сўнгги йилларда ер юзи аҳолиси орасида юрак қон-томир ва эндокринологик касалликлар кенг тарқалиб, охирги 20 йил ичида юрак қон-томир ва қандли диабет хасталиклари ўлимга олиб келувчи касалликлар рўйхатида етакчилик қилмоқда.

Қолаверса, бугун юрак ишемик касаллиги дунёдаги барча ўлимларнинг 16 фоизини ташкил этаётгани, ҳали бу йўналишда ечимини кутаётган масалалар талайгина эканидан далолат беради. Шунингдек, қуйи нафас йўллари касалликлари, жумладан, вирусли пневмония (кўпинча бу COVID-19 ўлимига сабаб бўлади) жиддий юқумли хасталик сифатида инсониятга катта хавф туғирмоқда.

Эътиборлиси, соҳа мутахассислари шу кунгача метаболик синдромнинг асосан юрак ва қон-томир касалликларига таъсирини ўрганган бўлиб, коронавирус пандемияси даврида олинган маълумотлар ушбу синдром вирусли инфекция туфайли юзага келган хасталикларда ҳам муҳим эканини кўрсатди.

Куни кеча пойтахтимизда “Метаболик синдром: ноинфекцион ва инфекцион касалликлар муаммолари ва ечимлари” мавзуида бўлиб ўтган IX Республика илмий-амалий анжуманида ана шу ҳақда сўз борди.

Тадбир онлайн форматда ўтказилиб, унда тиббиётнинг турли соҳа вакиллари, олимлар, фармацевтик корхона раҳбарлари, ёш олимлар, тиббиёт ҳамда фармацевтика йўналишидаги олий ўқув юртлари талабалари иштирок этди.

Анжуман метаболик синдромда учрайдиган ноинфекцион ва инфекцион касалликлар, жумладан, янги коронавирус инфекцияси (COVID-19)га замонавий баҳо бериш, ушбу касалликни аниқлаш, даволаш ҳамда олдини олиш усулларини ишлаб чиқиш ва бу йўналишда ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилди.

Ўзаро мулоқотларда мутахассислар томонидан метаболик синдромнинг коронавирус инфекцияси шаклланиши, оғир кечиши ва асоратлар бериш жараёнларини ўрганиш муҳим эканлиги таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари, шунингдек, тиббиётнинг турли соҳаларида метаболик синдром ва коморбид ҳолатларига баҳо бериш, хусусан, ушбу синдромнинг янги коронавирус инфекцияси (COVID-19) патогенезини кўриб чиқиш, дисметаболизмнинг турли тоифаларида коморбид ҳолатларини дифференциал мезонлари ҳамда метаболик синдромда кечувчи ноинфекцион ва инфекцион касалликларнинг клиник кўринишларини аниқлаш бўйича ҳам ўзаро фикр алмашдилар.

Бундан ташқари, анжуманда метаболик синдром фақат эндокринология ва кардиология йўналишлари билан боғлиқ муаммо эмаслиги таъкидланиб, тиббиёт амалиётига ушбу синдром ва янги коронавирус инфекциясини (COVID-19) ўрганиш натижаларини татбиқ этиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, метаболик синдром – аҳоли ўртасида ногиронликка ва ўлимга олиб келувчи энг асосий сабаблардан бири ҳисобланади. Метаболик синдроми бўлган беморларда бир қатор коморбид касалликлар шаклланиб, оғир асоратларга олиб келади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

163
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech