Янгиликлар

83
Распечатать
23 Сен 2022

Наслий ангиоэдема: Дунёда ушбу камёб касалликдан ўлим кўрсаткичлари нега юқори?

Инсон организмдаги ҳар бир аъзо, ҳатто энг кичик ҳужайраларгача маълум бир вазифани бажаради. Худди шу сингари ингибиторлар зиммасидаги функциялар ҳам ўта муҳим. Улар — танамиздаги ички “қўриқчи”лар. Бизни вирус, бактерия каби ташқи “душман”лардан ҳимоялайди. Қонда махсус антитаналарни ҳосил қилиб, “чақирилмаган меҳмон”ни зарарсизлантиради.

C-1 ингибитори ҳам — шулардан бири. Танада унинг етишмовчилиги ёки фаоллиги пасайиши туфайли ўта хавфли касаллик ҳисобланган наслий ангионевротик шиш пайдо бўлиши мумкин. Буни мутахассислар наслий ангиоэдема ҳам деб аташади.

Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова билан ушбу касаллик сабаблари, белгилари, диагностикаси ва даволаш усуллари ҳақида суҳбатлашдик.

— Наслий ангиоэдема камёб ва ўта хавфли касаллик бўлиб, ҳар 10-50 минг кишидан бирида учрайди ҳамда ўлим кўрсаткичлари юқорилиги боис орфан хасталиклар гуруҳига киритилади, — дейди профессор.

— У жигарда ишлаб чиқариладиган зардоб оқсили, яъни С-1 ингибиторининг етишмовчилиги ёки активлиги пасайиши натижасида келиб чиқади. Қондаги комплементлар эрта активлашиб, брадикинин миқдори ошиб кетиши эса оғир ўтувчи ҳамда узоқ сақланувчи шишлар пайдо бўлишига олиб келади.

Касалликнинг кечиши аллергик қаварчиқлар патогенези билан ўхшаш бўлса-да, брадикинин моддаси давомий равишда қон томирлари дилятацияси ва қон суюқ қисмининг дерма қуйи қаватларига сингиши туфайли оғир шишларни келтириб чиқариши билан характерланади.

Шишлар асосан қўл-оёқ, юз, томоқ соҳаси ва қорин бўшлиғида юзага келади. Ҳиқилдоқнинг давомий шишиши беморлар ўлимига сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Бора-бора қорин соҳасидаги оғриқлар кучайиб, чидаб бўлмас даражага етади. Кўнгил айниши ва қайт қилиш хуружлари зўраяди. Оқибатда бемор тезкор госпиталицияга муҳтож бўлади.

Наслий ангиоэдема одатда болалик даврида бошланади. У қанча эрта ривожланса, асоратлар шунча оғир ўтиши мумкин. Хасталик ирсий дейилишининг боиси эса ота ёки онада бундай патология мавжуд бўлса, 50 фоиз ҳолатда фарзандига ўтади.

Инфекциялар ва жароҳатларга қарши фаол кураш, жарроҳлик операцияларидан сўнг ёки стресс пайтида организм томонидан C1 ингибиторининг ҳаддан зиёд кўп ишлатиши ҳам хасталик омили бўлиши мумкин. Бундан ташқари, тиббий амалиётда қон босимига қарши қўлланилган дори воситалари наслий ангионевротик шишни келтириб чиқариши аниқланган.

Минг афсуски, бу камёб касаллик бўлганлиги сабабли хирург ва гинеколог мутахассислар унга тўғри ташхис қўя олмайди. Шу боис тиббий амалиётда янглиш диагноз билан беморларни жарроҳлик столига ётқизиш ҳамда нотўғри муолажа қилиш ҳолатлари учрайди.

Ваҳоланки, наслий ангиоэдема аллерголог мутахассислар томонидан аниқланадиган ва даволанадиган хасталикдир.

(Давоми бор!)

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

83
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech