Янгиликлар

45
Распечатать
05 Май 2021

НОГИРОНЛИКНИ БЕЛГИЛАШ ҚАЙ ТАРТИБДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

Саволга Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси бошлиғи Умарали Назарматов жавоб беради:

— Ногиронлик сабаблари ва гуруҳлари, шунингдек, ногиронлик бошланган вақт ва ногиронликнинг қанча муддатга белгиланиши амалдаги қонун хужжатларига мувофиқ тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) томонидан аниқланади, — дейди У. Назарматов. — Ўн олти ва ундан катта ёшдаги фуқароларни кўрикдан ўтказиш яшаш жойидаги бош, туманлараро, туман (шаҳар) ТМЭК томонидан, фуқарода мазкур ТМЭК соҳаси бўйича алоҳида касалликлар мавжуд бўлган тақдирда тиббиёт муассасасига бириктирилган ихтисослаштирилган ТМЭК томонидан амалга оширилади.

Шифокорлар, ТМЭК ходимлари ва уларнинг яқин қариндошлари, шунингдек, қуролли кучлар катта ва олий зобитлар таркиби, Давлат божхона қўмитаси, прокуратура, адлия ва суд органлари ходимлари, жиноятлар содир этганликда гумон қилинаётган, айбланаётган, судланган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳукм қилинган шахслар ўрнатилган тартибда бош ТМЭК томонидан кўрикдан ўтказилади.

Шу билан бирга, туманлараро, туман(шаҳар) ихтисослаштирилган ТМЭКлар хулосасидан рози бўлмаган фуқаролар, икки маротаба хабар берилишига қарамасдан қайта кўрикдан ўтишга келмаганлигини тасдиқловчи далолатнома асосида ногиронлик пенсияси ва нафақаси тўхтатилган шахсларнинг тиббий кўриги ҳам бош ТМЭК томонидан амалга оширилади.

ТМЭКда кўрикдан ўтказишга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, юртимиз ҳудудида доимий яшайдиган хорижий давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, тиббиёт муассасаларининг йўлланмасига эга бўлган, ушбу ТМЭКга бириктирилган 16 ва ундан катта ёшдаги шахслар қабул қилинади.

Тана функциясининг бузилиши ва ҳаёт фаолиятининг чекланганлик даражасига қараб, тиббий кўрикдан ўтказилувчи шахсга ногиронликнинг I, II, III гуруҳи 6 ой муддатга ёки бир ҳамда икки йилга белгиланиши мумкин. Шу билан бирга, агар ногиронлиги бўлган шахснинг саломатлигини яхшилаш имкони бўлмаса, бундай ҳолларда тасдиқланган касалликлар ва анатомик нуқсонлар рўйхатига мувофиқ ногиронлик муддатсиз белгиланади.
Ҳужжатлар ТМЭК томонидан қабул қилиб олинган сана ногиронликнинг бошланиши ҳисобланади.

Беш қўл баробар эмас. Баъзан ўз нафсини ўйлаб, соҳада ўрнатилган тартиб-қоидаларни четлаб ўтаётганлар ҳам топилади. Агар юқоридаги талаблар бузилаётган, ногиронликни белгилашда муаммоли ҳолатлар кузатилаётган бўлса, фуқаролар бир ой мобайнида бош ТМЭКга мурожаат қилишлари мумкин.

Ариза тушгандан кейин 3 кун мобайнида туман, туманлараро, шаҳар, ихтисослаштирилган ТМЭКлар қайта тиббий текшириш далолатномасини бош ТМЭКга беради ва шундан сўнг 15 кун мобайнида ариза берувчини қайта тиббий кўрикдан ўтказади ҳамда ўз хулосасини чиқаради.

Агар фуқаро бош ТМЭК хулосасидан ҳам кўнгли тўлмаса, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ёки судга мурожаат қилишга ҳақли.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати

45
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech