Янгиликлар

148
Распечатать
24 Ноя 2021

Пандемия қачон тугайди?

Инсоният СOVID-19га қарши “уруш очгани”га икки йилдан ошди. Аммо бу инфекция ҳануз орамизда, атрофимизда. Ҳамон саломатлигимиз, ҳаётимиз учун хавф солиб турибди.

Тўғри, муаммо — ўта глобал. Аммо унга аллақачон самарали ечим топилган. Фақат ҳамжиҳатлик етишмаяпти. Вируснинг “урчиши”га шароит яратиб бераётган омил эса — лоқайдлик.

Масалан, Япония касалликка чалиниш ва ўлим кўрсаткичлари бўйича дунё мамлакатлари орасида 29-ўринда турибди. Ҳатто август ойи сўнгги ҳафтасида бу ерда кунига 25 мингдан зиёд ҳолат қайд этилганди.

Аммо японлар эмланиш энг тўғри чора эканлигига ишонч ҳосил қилишди. Шу тариқа ҳозиргача “кунчиқар юрт” аҳолисининг қарийб 77 фоизи барча босқичда тўлиқ эмланиб бўлди.

Натижада 126 миллион киши яшайдиган мамлакатда сўнгги кунларда касалланиш кўрсаткичлари кескин камайиб, 44 тани ташкил этяпти. Муҳими, ўлим ҳолатлари қайд этилгани йўқ.

Буюк Британиянинг Реадинг университети профессори Ян Жонс ҳам Япониянинг “вирусни жиловлаш” тажрибаси ҳақида тўхталиб, буни мамлакатда вакцинация жараёнлари уюшқоқлик билан ўтказилаётгани билан изоҳлади.

Оммавий иммунитетнинг аҳамияти ҳақида Москвадаги Н.Ф. Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот маркази директори Александр Гинтсбург ҳам якдил хулосада.

У "аҳолининг 70-75 фоизида керакли миқдордаги антитаначалар мавжуд бўлса, коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият барқарорлашиб, пандемия тугайди" деган фикрда. Бунинг учун мамлакатда эмлаш тезлигини 3-4 баробар ошириш зарур, деб ҳисоблайди олим.

Германия соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан ҳам мамлакатда пандемиянинг янги тўлқини кескин авж олаётганидан хавотирланиб, бу борада баёнот билан чиқди.

Унинг сўзларига кўра, бутун мамлакат аҳолиси қиш мавсуми охиригача ё тўлиқ эмланади ё инфекциянинг ўта оғир оқибатлари билан юзлашади. Шу боис вазир барча немисларни коронавирусга қарши тезроқ эмланишга чақирди.

Бугун Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарор. Касалликнинг янги тўлқини авж олмаслиги учун зарур чоралар кўрилмоқда. Бироқ юртдошларимиз орасида ҳали ҳам вакцина олишни пайсалга солаётганлар кўп экан, пандемиянинг тугаши масаласи ечими тобора ортга сурилаверади.

Обиджон Дилмуродов, маҳаллий консультант.

148
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech