Янгиликлар

103
Распечатать
03 Авг 2022

Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда ўзини ҳуқуқ ҳимоячиси дея таништирган фуқаро Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари устидан арз қилгани акс этган видеолавҳа тарқалди.

Мазкур ҳолат вазирлик томонидан ўрганилиб, қуйидагилар маълум қилинади.

Аниқланишича, жорий йилнинг 11 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлигига Наманган вилояти, Учқўрғон тумани, Исломобод маҳалла фуқаролар йиғини, Янгиҳаёт кўчасида яшовчи фуқаро М.Нишонова ва унга ҳамроҳ бўлиб бир эркак киши мурожаат билан келган.

Шундан сўнг фуқаро М.Нишоновага амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси маъсул ходими у билан суҳбатлашган. Шу пайт аёл билан бирга келган ва ўзини Адлия вазирлигида ишлашини айтиб, кейинчалик ходимларга қонун ҳимоячиси Сабитжон Туркменов дея таништирган фуқаро масъул ходимдан хизмат гувоҳномасини кўрсатишни талаб қилган.

Ўз навбатида ундан Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 29-моддасига биноан мурожаатчининг вакиллиги тўғрисидаги ҳужжат сўралганда тақдим қила олмаган. Шундан сўнг мурожаат қабул қилинадиган хонада фуқаролар кўпайиб кетганлиги ҳисобга олиниб, ундан ташқарига чиқиб туриш тавсия этилган.

Бироқ фуқаро масъуллар томонидан ўзига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракат содир бўлаётгани ва бундай қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини айтиб, шахсий уяли алоқа воситаси ёрдамида хонада бўлган бошқа фуқаролар ҳамда мурожаатлар билан ишлаётган масъулларни видеотасвирга ола бошлаган.

Фуқародан видеотасвирга олмаслиги сўралганда қаттиқ қаршилик кўрсатиб, масъулларнинг фуқаролар билан ишлашига ҳалал берган. Юқоридаги ҳолат юмшагач, фуқаро М.Нишонованинг муаммоси ижобий ҳал этилиб, унга ногиронлик гуруҳи тайинланишида амалий ёрдам кўрсатилган.

Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мурожаат билан келган фуқароларимиздан белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилишларини сўрайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати

103
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech