Янгиликлар

57
Распечатать
20 Янв 2021

РЕСПУБЛИКА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТИББИЁТ МАРКАЗЛАРИНИНГ МУТАХАССИСЛАРИ ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА

Аввал ҳам хабар берганимиздек, сифатли ихтисослаштирилган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, ҳудудларда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида республика ихтисослаштирилган марказлар мутахассисларининг вилоятларга ташрифлари ташкиллаштирилмоқда.

Жумладан, Республика илмий-ихтисослаштирилган аллергология марказидан эса пульмонолог-аллерголог шифокор Ғайрат Қўзиев У.Холмуродов номидаги Республика кўп тармоқли тиббиёт марказининг пульмонология ва аллергология бўлимида бўлди.

Мутахассис бу ерда маҳаллий шифокорлар билан биргаликда беморларни тиббий кўрикдан ўтказди ва уларни даволашда муҳим тавсияларини бериб ўтди.

Пульмонология ва аллергологиянинг муҳим масалалари тўғрисида суҳбат олиб борилиб, кележакда тажриба алмашиш ва кадрларнинг билим-кўниикмаларини ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, маҳаллий вазиятни ва ҳудуднинг касалликлар бўйича хусусиятларидан келиб чиқиб, У.Холмуродов номидаги Республика кўп тармоқли тиббиёт марказининг Пульмонология ва аллергология бўлими қошида Республика илмий-ихтисослаштирилган аллергология марказининг минтақавий филиалини очиш, уни капитал-таъмирлаш, малакали мутахассислар, асбоб-ускуналар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

 

——————————————

Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказидан профессор Мирвасит Каримов, терапевт Амина Файзуллаева ва пульмонолог Элина Исмаилова эса У.Холмуродов номидаги Республика кўп тармоқли тиббиёт марказига бориб, беморларнинг ҳолати, уларга яратилган шароитлар ва муолажалар билан танишди, мавжуд камчиликларни ўрганиб чиқишди.

Шундан сўнг Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифохонасида терапевтик, пульмонологик, ички касалликлар билан оғриган оғир аҳволдаги, малакали мутахассислар кўригига муҳтож бўлган беморлар кўрикдан ўтказилди. Уларга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича маслаҳатлар берилди. Бундан ташқари, мутахассислар томонидан шифокорларга “Юрак ишемик касаллиги, уни диагноз қилиш ва даволашнинг замонавий усуллари”, “Бронхиал астмани даволашда янгича даво усуллари” мавзуларида мастер-класс ва мулоқотлар ташкиллаштирилди.

Шунингдек, профессор М. Каримов маҳаллий шифокорларга “Гастроэзофагеал рефлюкс касаллик: муаммонинг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси учун долзарблиги” мавзуида семинар ўтди ҳамда келажакда кадрларнинг билим ва кўникмаларини янада ошириш бўйича ҳамкорлик дастурлари белгилаб олинди.

Бундан ташқари, марказ мутахассислари маҳаллаларга ҳам чиқиб, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини татбиқ этиш бўйича тарғибот ишларини олиб борди.

————————————

Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Мақсудбек Мадаминов ва олий тоифали шифокор Салоҳиддин Тошпўлатов Қорақалпоғистон Республикаси болалар юқумли касалликлар шифохонаси билан танишди. Шундан сўнг маҳаллий шифокорлар билан биргаликда Нукус шаҳри ва Беруний туманидаги шифохоналар ва поликлиникаларга бориб, юқумли касалликлар бўлимларида даволанаётган ва олис ҳудудларда яшайдиган, айниқса чорвачилик билан шуғилланадиган, бруцеллёз касаллигига чалинган қатор катта ёшли беморлар кўрикдан ўтказилиб, уларни даволаш бўйича тавсиялар берилди.

Бундан ташқари, мутахассислар Қорақалпоғистон Республикаси болалар юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Ж. Жанибеков билан бирга туман тиббиёт бирлашмалари бош инфекционистларига семинар ташкиллаштириб, ҳозирда долзарб юқумли касалликлар эпидемиологияси, диагностикаси, даволаш ва профилактикаси бўйича маълумотлар билан ўртоқлашди.

Аҳволи оғир ва ташхис қўйишга қийинчилик туғдирадиган беморларга телемедицинани йўлга қўйган ҳолда онлайн маслаҳатлар бериш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, пойтахтдаги ушбу ихтисослаштирилган марказда юқумли касалликлар бўйича мутахассислар учун ўқув курслари ташкиллаштириладиган бўлди.

Қорақалпоғистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати.

57
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech