Янгиликлар

116
Распечатать
25 Ноя 2021

ЎРВИ: Ота-оналар қайси ҳолатларда энг кўп хатога йўл қўяди?

Тиббий маданият ҳар бир инсон учун ниҳоятда зарур. Айниқса, ота-оналар, бола парвариши билан шуғулланувчилар соғлом турмуш кечириш шартларини яхши билишлари керак?

— Баъзи ота-оналар фарзандининг ҳарорати кўтарилиб, бурни оқиб, унда тумов белгилари кузатила бошласа, дарҳол дорихонага югуриб, ўзбошимчалик билан боласига антибиотиклар беради, — дейди Республика ихтисослаштирилган педиатрия тиббиёт илмий-амалий маркази бўлим мудири Манзура Болтабоева. — Лекин ЎРВИда ҳам, гриппда ҳам антибиотиклар ёрдам бермайди.

Аксинча, жуда оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Масалан, ичак дисбактериозини келтириб чиқаради. Баъзи антибиотиклар эса жигарга жиддий зиён етказиши мумкин. Шу сабабли ота-оналарга шифокор тавсиясисиз фарзандларига антибиотик бермасликни доимо уқтириб келамиз.

Мутахассисдан ЎРВИга чалинган болаларни қандай вазиятда уй шароитида даволаш мумкин, қайси ҳолатда эса “Тез ёрдам”га мурожаат қилиш лозимлиги ҳақида сўраймиз.

— Бемор боланинг ҳолатига ота-онаси жуда эътиборли бўлиши керак, — дейди М. Болтабоева. — Агар болада пневмониянинг илк белгилари кузатилса, шифохонада даволаниш тавсия этилади.

Шунингдек, шифокор ота-оналар томонидан ўзбошимчалик билан амалга ошириладиган нотўғри муолажалар асоратлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

— Ҳарорати баланд боланинг томоғини ёд ёки зелёнка билан артиш кўпчилик йўл қўядиган катта хатолардан бири, — дейди педиатр. — Чунки ЎРВИга чалинган боланинг шиллиқ қавати жуда нозик, бунинг устига, вирусдан яллиғланган ва шишган бўлади.

Агар юқорида айтилган суртмалар билан ишлов берилса, шиллиқ қават жароҳатланиб, шиш катталашиб, лорингит юзага келиши ва бошқа асоратлар кузатилиши мумкин.

Тана ҳарорати кўтарилганда парацетамол бериш тавсия этилади. Аммо баъзи ота-оналар тиббиётдан яхши хабардор бўлмаган қўшнисини чақириб, анальгин, димедрол, новокаин қўшиб мазкур аралашмани иситма туширишда қўллашади.

Бу мутлақо мумкин эмас. Биринчидан, анальгин қонни суюлтириб юборади. Димедрол эса болада йўтал пайдо бўлган, бронхлари торайиб қолган пайтда асоратларни янада кучайтиради.

Бундан ташқари, аллергик йўтал, астма, юқори нафас йўлларининг яллиғланиши кузатилаётган болалар бор хоналарда исириқ тутатиш янглиш хатти-ҳаракатдир. Чунки тутун бола органлари спазмини кўпайтириб, йўтални янада кучайтириши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

116
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech