Янгиликлар

86
Распечатать
04 Авг 2022

ССВ: 2022 йилнинг ўтган даврида юртимизда 12 нафар беморда жигар трансплантацияси ўтказилди

Инсон саломатлигига жиддий хавф туғдирувчи касалликлар кўп. Бироқ бугун замонавий тиббиёт авваллари ўлимга ёки чуқур ногиронликка олиб келган, инсон организмининг деярли барча аъзолари ва тизимларига салбий таъсир этувчи бир қанча жиддий хасталикларни тўлиқ даволаш имконини яратмоқда. Бу жараёнларда эса шубҳасиз трансплантация алоҳида ўринга эга.

Жигар инсон организмидаги қон ишлаб чиқарувчи, уни тозаловчи энг муҳим орган. Шу боис ҳам ушбу тана аъзоси билан боғлиқ цирроз ва бошқа терминал жигар касалликлари дунё тиббиётида оғриқли муаммолардан бири сифатида қаралади.

Энг ёмони, мазкур хасталик Ўзбекистоннинг минтақавий патологияси, ҳудудимизда кўп учрайдиган касалликлар сирасига киради. Ушбу дардни даволашнинг энг мақбул чораси эса аъзо кўчириб ўтказиш, яъни жигар трансплантациясидир.

Шу боисдан бугун академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика вирусология илмий текшириш институти ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми доирасида диффуз жигар касаллиги билан касалланган беморлар сонини таҳлил қилиш йўлга қўйилган.

Натижада ҳар йили юртимизда ушбу касалликнинг клиник кўринишлари билан Республика вирусология илмий текшириш институти клиникасининг махсус бўлимида 5000 нафардан зиёд беморлар ушбу касаллик бўйича даволанади. Улардан 500 нафари эса жигар трансплантациясига потанциал муҳтож беморлардир.

Айтиш керак, авваллари бу каби беморларнинг аксарияти ушбу турдаги амалиётларни ўтказиш учун Ҳиндистон, Туркия, Исроил, Германия каби мамлакатларга боришга мажбур эди. Бироқ давлатимиз томонидан соҳага қараётилган эътибор туфайли юртимизда трансплантологиянинг мазкур йўналиши ҳам йилдан йилга ривожланиб бормоқда.

Бунинг учун марказ мутахассислари Россиянинг академик В.И.Шумаков номидаги трансплантация ва сунъий органлар марказида бир неча бор амалиёт ўтаб қайтдилар. Шу билан бирга, Беларусь билан ҳамкорлик доирасида ўзбек шифокорлари Минск жарроҳлик, трансплантация ва гематология илмий-амалий марказида ҳам бўлиб, у ерда ўтказилган ўқув курсларида муваффақиятли иштирок этди.

Буларнинг барчаси 2021 йил юртимизда илк бор ортотопик жигар трансплантацияси операциясини муваффақиятли бажариш имконини берди.

— Ушбу йўналишда кўп сонли жарроҳлик амалиётларини ўтказиш зарурати туфайли бугунга келиб, муассасамизда гепатобилиар жарроҳлиги ва жигар трансплантациясининг иккита янги бўлими ташкил этилди, — дейди академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази жарроҳи, профессор Миршавкат Акбаров. — Натижада ўтган 2021 йил марказда 8 та мустақил жигар трансплантацияси амалиёти муваффақиятли бажарилди. 2022 йилнинг шу даврига қадар эса яна 12 та ана шундай мураккаб амалиёт ўтказилди.

Таъкидлаш лозимки, 2023-2024 йиллардан бошлаб ушбу турдаги амалиётларни ҳудудларда ҳам жорий этиш режалаштирилган. Шу боис айни пайтда бу йўналишда минтақавий мутахассислар тайёрланмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

86
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech