Президентимиз топшириғи асосида оғир касалликларга чалинган минглаб беморларда мураккаб операцияларни ўтказиш учун қарийб 90 миллиард сўм ажратилди.
Қисқа даврда бажариладиган бу қадар кенг кўламли жарроҳлик амалиётлари орқали кимлар ўз саломатлигини тиклаш имконига эга бўлади? Муолажалар қайси тиббиёт муассасаларида бажарилади? Нега бу эзгу ташаббус бир йўла катталар ва болаларни қамраб олмоқда?
Гап шундаки, юқори технологик амалиётларнинг сарфлов воситалари нархи бутун дунёда қиммат. Қолаверса, бундай мураккаб операцияларни барча тиббиёт муассасаларида бажариш имконсиз.
Масалан, сон суяги, елка, тизза бўғимларининг емирилиши билан боғлиқ хасталикларни даволашда қўлланиладиган эндопротез мосламалари баҳоси мамлакатимизда ўртача 18-20 миллион сўмга тенг.
Бундай шароитда эҳтиёжманд инсонларнинг муаммолари янада ортиши табиий. Оқибатда вақт ўтиши билан хасталик зўрайиб, беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Кечикиб қилинган муолажалар эса ҳар доим кутилган натижани беравермайди.
Шу сабабли мамлакатимиз раҳбари оғир хасталиклардан азият чекаётган юртдошларимизда давлат ҳисобидан юқори технологик жарроҳлик операцияларини ўтказиш топшириғини берди.
Акция доирасида соғломлаштириладиган беморлар икки тоифага ажратилган.
Биринчи гуруҳ — туғма юрак нуқсонидан азият чекаётган болалар. Уларнинг сони — 2 минг нафар. Барчаси ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 18 ёшгача бўлган фарзандлари.
Ана шу ўғил-қизлар жами 64 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига навбатсиз, имтиёзли йўлланмасиз, энг малакали шифокорлар томонидан юқори технологик операциялар орқали оғир дарддан халос этилади.
Ҳозир жараён бошланган. Жарроҳлик амалиётлари Болалар миллий тиббиёт маркази, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослашган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси, Самарқанд, Наманган, Фарғона, Андижон вилоятлари болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Урганч филиалида ўтказилмоқда.
Иккинчи гуруҳга мансуб беморлар — катталар. Уларда бажариладиган тезкор операциялар учун давлат 22 миллиард сўм ажратди.
Беморлар рўйхати тегишли ишчи гуруҳ, жойлардаги Халқ қабулхоналари, маҳалла фаоллари иштирокида, хонадонма-хонадон ўрганишлар натижасида адолатли равишда шакллантирилди.
Бу тоифага имтиёзли йўлланмага эга беморлар киритилмади! Негаки, уларнинг даволаниш сарф-харажатлари шундоқ ҳам давлат томонидан қопланади. Муолажалар даври, тиббиёт муассасалари белгилаб қўйилган. Демак, уларни соғломлаштиришда муаммолар юзага келмайди!
Ҳозир акция доирасида моддий имконияти чекланган беморларда эндопротезлаш, кардиохирургик, урологик, эндокринологик ва ички аъзоларни кўчириб ўтказиш каби ноёб ва мураккаб операциялар ўтказиш бошланган.
Cоғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.