Янгиликлар

49
Распечатать
21 Сен 2022

ССВ: 50 нафарга яқин тиббиёт ходими Ҳиндистоннинг етакчи клиникаларида малака ошириш учун жўнаб кетди

Жорий йил 28 июль куни Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон — Ҳиндистон ҳукуматлараро комиссиясининг 13-йиғилиши доирасида ҳинд ўлкасидаги йирик тиббиёт компаниялари билан ҳамкорлик бўйича келишувлар имзоланган эди.

Хусусан, Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган икки томонлама
ҳамкорлик дастурига мувофиқ, бугун 50 нафарга яқин тиббиёт ходими Ҳиндистоннинг бир қатор етакчи клиникаларида малака ошириш учун жўнаб кетди.

Юртимизнинг ҳар бир ҳудудидан саралаб олинган хирург, нейрохирург, невролог, нефролог, онколог, реаниматолог, лаборатор-врач, операцион блок ҳамшираси ва ҳудудий тиббий бошқарув ходимларидан иборат жамоа бир ой давомида ҳинд шифокорлари тажрибасини ўрганадилар.

Уларга Ҳиндистоннинг “Yashoda Hospitals”, “AIG Hospitals”, “Medanta the Medicity”, “Sri Sri Holistic Hospitals” ва “Image Hospitals” каби машҳур шифохоналарида жорий қилинган илғор даволаш усулларини ўзлаштириб, мамлакатимиз тиббиёт тизимига татбиқ қилиш вазифаси юклатилган.

Мутахассисларнинг хизмат сафари давомида меҳмонхона, овқатланиш ва транспорт харажатлари мезбонлар томонидан, уларнинг бориб-келиш ва кунлик харажатларининг бир қисми эса Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

49
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech