Янгиликлар

52
Распечатать
14 Сен 2021

ССВ: БЕҒАРАЗ ДОНОРЛИК БИЛАН ИНСОНЛАРГА ҲАЁТ ИНЪОМ ЭТИНГ!

Маълумки, бугун мамлакатимизда беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш, аҳолининг кенг қатламларини бепул донорликка жалб этиш, беморларни хавфсиз қон компонентлари билан таъминлаш ҳамда қон қуйиш станцияларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, ўтган йиллар давомида соғлиқни сақлаш тизимида донорлардан қон тайёрлаш бўйича Республика қон қуйиш маркази, Тошкент шаҳар “Қон препаратлари” ИИЧК, 13 та ҳудудий ва 2 та республика тасарруфидаги қон қуйиш станциялари ҳамда 13 та қон қуйиш бўлимларида қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор муҳим лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди.

Бугунги кунда мазкур тиббиёт муассасалари донор ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш ва сақлаш, аҳолини қон ва унинг таркибий қисмларини ихтиёрий равишда топширишга жалб этиш каби бир қатор муҳим вазифаларни самарали амалга ошириб келмоқда.

Маълумки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, ҳар бир мамлакатнинг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун ҳар 1000 нафар кишига қон топширишлар сони 30 та ва ундан ортиқ бўлиши, аҳолини қон компонентлари билан таъминлаш учун қон топширишлар сони ҳар 1000 нафар кишига 10 та ёки аҳоли сонига нисбатан 1 фоизни ташкил этиши лозим.

Ана шундан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда юртимизда аҳолини беғараз донорликка жалб этиш бўйича зарур тарғибот ишлари олиб борилди. Натижада юртдошларимиз орасида беғараз донорликка бўлган қизиқувчилар сони йилдан йилга ортиб бораётир.

2018 йилда юртимизда 178 минг 206 нафар донор қон топширган бўлса, бу кўрсаткич 2019 йил 201 минг 606 нафар, ўтган 2020 йилда эса 199 минг 375 нафарни (пандемия сабабли кўрсаткич пасайган)ни ташкил этди.

Шунингдек, ортда қолган 2020 йилда юртимизда 95560,52 литр соф қон тайёрланган бўлса, бу рақам 2019 йилда 96550,17 литр, 2018 йилда эса 85201,03 литрни ташкил этди.

Эътиборлиси, айни пайтда Республика қон қуйиш маркази альбумин препаратини ишлаб чиқаришга ажратилаётган плазма миқдорини ошириш мақсадида вилоят қон қуйиш станциялари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Афсуски, бугунги пандемия барча соҳалар қатори тиббиёт тизимини ҳам жиддий синовдан ўтказмоқда. Айниқса, юртимизда коронавирус инфекциясини аҳоли орасида кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида махсус карантин чоралари белгиланганлиги донорлар сони кескин камайишига сабаб бўлди.

Шу боис, ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини оммалаштириш мақсадида турли лойиҳа ва акциялар ўтказилмоқда.

Жумладан, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган “Меҳр улаш” хайрия акцияси аҳоли ўртасида донорлик ҳаракатини ривожлантириш ва рағбатлантириш, турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қонга муҳтож бўлган инсонлар, хусусан, бемор болажонларнинг соғайиб кетишларига кўмаклашишда муҳим қадам бўлди.

Акцияда адлия органлари ва муассасаларида фаолият юритувчи масъул ходимлар кўнгилли равишда иштирок этиб, қон топширишди.

— Бугунги кунда юртимизда 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом фуқаролар Республика Қон маркази ва ҳудудий қон қуйиш бўлимларида тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан, донорлик қилишлари мумкин, — дейди Республика қон қуйиш маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Аълонур САИДОВ. — Шуни айтиш лозимки, ҳар қандай соғлом инсон донор бўла олади. Бу уларнинг саломатлиги учун мутлақо хавфсиздир. Аксинча донор қон топширгач, унинг иммун тизими мустаҳкамланади, қон босими меъёрлашади. Энг асосийси, оддий бўлиб кўринган бу юмуш, кимнингдир соғлигини тиклашга, яна кимнингдир ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади.

Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча юртдошларимиздан донорлик ҳаракатини ривожлантириш мақсадида ўтказилаётган “Меҳр улаш” каби хайрия акцияларида фаол иштирок этишга ва беғараз донор бўлишга ҳамда ёрдамга муҳтож беморларга кўмак беришга чақиради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

52
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech