Янгиликлар

96
Распечатать
22 Сен 2022

ССВ: Гематология марказида соҳанинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда

Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида Соғлиқни cақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон гематологлари ва трансфузиологлари ассоциацияси билан ҳамкорликда халқаро илмий-амалий анжуман иш бошлади.

 "Гематология, онкогематология, трансфузиология ва трансплантация соҳасидаги долзарб муаммолар" мавзусидаги ушбу тадбирда Россия, Ҳиндистон, Туркия, Украина ва Қозоғистон профессор-шифокорлари соҳадаги муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган ўз маърузалари билан иштирок этди.

Онкогематологик касалликлар — суяк кўмиги ҳужайраларида мутациялар туфайли юзага келадиган ва бутун гематопоэтик тизимнинг ишини бузадиган хавфли ўсмалар гуруҳидир.

Конференцияда таъкидланишича, ҳозир бундай хасталикларни юқори дозали кимётерапия ва таргет препаратларни қўллаш, гематопоэтик ўзак ҳужайралари трансплантацияси каби юқори технологияли усуллар ёрдамида даволаш мумкин.

— Бу каби янгича технологияларни татбиқ қилиш учун Ўзбекистонда гематология соҳасида чуқур конструктив ўзгаришларни амалга ошириш зарур эди, — дейди Республика ихтисослаштирилган гематология илмий амалий тиббиёт маркази директори Миралишер Исламов. — Президентимизнинг 2021 йил 27 майдаги “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 октябрдаги 643-сонли қарорлари тиббиётнинг мазкур йўналишларини ривожлантириш учун замин яратди.

Аҳолига ихтисослаштирилган гематологик ва онкогематологик хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази янги ва замонавий бинода иш бошлади. Гематология хизматининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, кадрлар салоҳияти оширилди.

 Айни пайтда янги бино корпусларида катталар ва болаларга мультидисциплинар хизмат кўрсатиш учун таркибида барча тор соҳа мутахассислари жамланган маслаҳат поликлиникаси фаолият юритмоқда.

Марказда стационар шароитида даволанувчи беморлар учун ташкил этилган клиникада ўрин-жой сиғими 337 тага етказилди. Бўлимларда муолажалар, қон қуйиш, кимёвий дори воситаларини тайёрлаш, стернал ва эндолюмбал пункция ва бошқа амалиётлар учун алоҳида хоналар ажратилди.

 Шунингдек, бу ерда “Молекуляр генетика, цитогенетика ва цитофлуометрия", “Морфология, гистология ва иммуногистокимё”, “Иммунофенотиплаш ва HLA генотипи”, “Гемостаз патологияси” ва “Иммуннохимия" каби марказлашган юқори технологияли илмий лабораториялар фаолият олиб бормоқда.

 “Қон банки”да беморлар сифатли ва хавфсиз қон компонентлари билан узлуксиз таъминланиб, тромбоконцентратлар тайёрланади.

Марказ ходимлари етакчи хорижий тиббий таълим муассасалари ва клиникаларида жарроҳлик, трансплантология, анестезиология ва реанимация, трансфузиология йўналишлари бўйича қайта тайёрланиб, малака оширмоқда.

 Тадбирда бемор болалар узлуксиз даволанишлари ва мактаб дастурларини самарали ўзлаштиришлари учун алоҳида мактаб ташкил қилиш режалаштирилгани маълум қилинди.

 Бундан ташқари, марказда янги диагностика бўлими, замонавий бактериологик ва вирусологик лаборатория, сўнгги русумдаги рентгенорадиологик ускуналар билан таъминланган функционал диагностика бўлимлари фаолиятини йўлга қўйиш белгилангани қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

96
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech