Янгиликлар

76
Распечатать
23 Сен 2022

ССВ: Халқаро терапевтлар Тошкентда ички касалликларнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилди

Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида халқаро терапевтлар илмий-амалий форуми ўз ишини бошлади.

Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Ўзбекистон терапевтлар ассоциацияси ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур анжуман “Ички касалликларнинг долзарб муаммолари” мавзусига бағишланган.

Унда Россия, Беларусь, Қозоғистон, Озарбайжон, Украина ва Тожикистон давлатларидан ташриф буюрган олимлар, терапевт, кардиолог, гастроэнтеролог, пульмонолог, ревматолог, невролог ва умумий амалиёт шифокорлари иштирок этмоқда.

Тадбирда терапевтика йўналишида амалиётга татбиқ этилаётган инновацион технологиялар, илғор диагностика ва муолажа усуллари ҳамда реабилитация соҳасига доир замонавий ёндашувлар хусусида ўзаро фикр ва тажриба алмашиляпти.

Шунингдек, юрак-қон томир ҳамда бошқа соматик касалликларга чалинган беморларга шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш, ошқозон-ичак хасталикларини эрта аниқлаш ва самарали даволаш борасидаги янгиликлар ҳам муҳокамалар марказида.

Бундан ташқари, ревматологик, аллергик, коморбид, метаболик ва неврологик касалликлар профилактикаси ва муолажасига доир сўнгги ютуқлар иштирокчиларни бефарқ қолдираётгани йўқ.

Форум эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

76
Распечатать
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech